Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Facebook ижтимоий тармоғи орқали эълон қилинган “ArzonApteka” тизимида “MADINA BONU FARM SAVDO” МЧЖ дорихонаси томонидан «Проспан» (20 мл) дори воситасига нарх сунъий равишда оширилгани ҳақидаги маълумотни ўрганиб чиқиб, қуйидагиларни маълум қилади:
Ушбу ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Қўмита томонидан “MADINA BONU FARM SAVDO” МЧЖга расмий сўров юборилди. Дорихона томонидан тақдим этилган жавобда «Проспан» (20 мл) препаратини 320 000 сўм нархда сотиш тўғрисидаги ахборот чиндан ҳам “ArzonApteka” тизимида эълон қилинганлиги, аммо компания томонидан мазкур дори воситаси сотувга чиқарилмаганлиги маълум қилинган. Ички текширув давомида ушбу препарат дорихона тармоғида сотилмаслиги, маълумотлар нотўғри киритилганлиги сабабли хатолик юзага келгани аниқланган.
Шунингдек, “MADINA BONU FARM SAVDO” МЧЖ айни вақтда «Проспан» (20 мл) препарати дорихона тармоғида реализация қилинмаслигини расман тасдиқлаган.
Келгусида шундай хатоликларга йўл қўймаслик мақсадида компания ходимлари билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 30.12.2019 йилдаги ПҚ-4554-сонли қарори ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 10.06.2020 йилдаги 3242-сонли буйруғи асосида дори воситаларига нарх белгилаш тартиби юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди.
Рақобат қўмитаси қўшимча равишда шуни маълум қиладики, ҳолатни ўрганиш давомида “MADINA BONU FARM SAVDO” МЧЖ дорихонаси фармацевт ходимига нисбатан меҳнат интизомини бузганлиги сабабли тегишли тартибда чоралар қўлланилган.
Қўмита истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимояси ҳамда дори воситалари нархлари устидан мониторинг ва назорат ишларини изчил давом эттиради.