Рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий органларига молиявий хизматлар ва савдо соҳаларида фуқаролардан тушаётган мурожаатлар ижобий ечим топмоқда.
Ҳудудлар кесимида мисоллар
📍 Андижон вилояти
Ҳудудий бошқарма томонидан Андижон шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро М.А. томонидан “Yandeks GO” иловаси орқали маҳсулот буюртма қилган ва маҳсулот ўз вақтида келмагани сабабли шартномани бекор қилган. аммо буюртма учун 164 000 сўм миқдорида тўлов ечиб олиниб, истеъмолчига қайтарилмагани юзасидан шикоят қилган.
Ўрганишлар натижасида истеъмолчига 164 000 сўм миқдоридаги пул маблағи қайтарилиб берилиши таъминланди ва мурожаат ижобий ҳал этилди.
📍 Навоий вилояти
Ҳудудий бошқарма Навоий шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро Б.М. автосалондан ONIX автомашинасини автокредит асосида харид қилади ва кредит тўловини суғурталаш бўйича “MY-INSURANCE” суғурта ташкилоти билан шартнома имзолаб, белгиланган тўловни амалга оширади.
Фуқаро кредит тўловларини муддатидан олдин тўлаб бўлган, аммо унга суғурта тўловини фойдаланилмаган қисми қайтариб берилмаган.
Ўрганиш натижасида суғурталанган автокредитнинг фойдаланилмаган қисми учун тўлов миқдори 1 млн 600 минг сўмлиги аниқланиб, “MY-INSURANCE” суғурта ташкилоти томонидан фуқаро Б.М.га тўлиқ шаклда қайтариб берилиши таъминланди.
📍 Наманган вилояти
Ҳудудий бошқарма томонидан Норин туманида яшовчи фуқаро телеканалларда реклама қилинаётган “Actimed” компаниясидан биологик фаол қўшимчаси (БФҚ) маҳсулотларини буюртма асосида сотиб олгани, бироқ маҳсулотни истеъмол қилганидан сўнг натижа бўлмаганини билдирган ва маҳсулот учун тўлаган маблағларини қайтариб берилмаётгани юзасидан қилган мурожаати ўрганиб чиқилди.
Олиб борилган тушунтириш натижасида “Actimed” компанияси фуқарога 1 000 000 сўм маблағи қайтариб берилиши таъминланди.
📍 Қашқадарё вилояти
Ҳудудий бошқармага Косон туманида ўзини ўзи банд қилган фуқаро Ш.А. томонидан Косон туман энергосавдо бўлимининг фаолиятидан норози бўлиб мурожаат йўллади.
Мутахассислар томонидан олиб борилган ўрганиш ишлари давомида “HET billing” электрон дастурининг техник хатоси сабабли электрон тизимга электр энергияси истеъмол кўрсаткичлари нотўғри шакллангани боис фуқарога нисбатан асоссиз қарздорлик чиқарилганлиги маълум бўлди.
Натижада фуқаро Ш.А. номига чиқарилган 7 млн 800 минг сўм асоссиз қарздорлик қайта кўриб чиқилиб, Косон туман энергосавдо бўлими томонидан ихтиёрий бартараф этилиши таъминланди.
📍 Қорақалпоғистон Республикаси
Рақобат қўмитасига Хўжайли туманида истиқомат қилувчи А.Д.нинг йўллаган мурожаатида “Uzum Market” дўконидан шартнома асосида 4 дона «IPhone 13» маркали харид қилган телефони эски эканлигидан норозилигини билдириб, тўлаган пулини қайтариб олишда амалий ёрдам беришни сўраган.
Мурожаатда келтирилган масала юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилиши натижасида “Uzum Market” дўкони томонидан телефонлар қайтариб олиниб, унга тўланган 27 млн 600 минг сўмга яқин маблағ истеъмолчига қайтарилиши таъминланди.
📍 Самарқанд вилояти
Ҳудудий бошқармага фуқаро Ш.Т.нинг консалтинг хизмат кўрсатувчи корхона хизматларидан норози бўлиб юборган мурожаати ўрганиб чиқилди. Унда фуқаро билан мазкур корхона ўртасида хорижий мамлакатга ишчи виза олишда юзага келган муаммо ҳал этилмаётгани маълум қилинган. Ўрганишларда фуқаро ҳужжатлари корхона томонидан ўз вақтида расмийлаштирилиб топширмагани оқибатида фуқаро чет давлатга кетолмагани аниқланди.
Натижада корхона томонидан Ш.Т.га 2 млн 200 минг сўм маблағи қайтариб берилиши таъминланди.
📍 Тошкент шаҳар
Фуқаро Л.Х интернет тармоғи орқали “EUPHORIA GROUP” МЧЖдан буюртма берган “Giper Forte” маҳсулотини ўрнига, бошқа турдаги маҳсулот етказиб берилганлигидан норози бўлиб, тўлаган пул маблағлари қайтариш юзасидан ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Ҳудудий бошқарма томонидан олиб борилган ўрганиш ишлари натижасида, фуқарога тўлаган 1 101 000 сўм миқдордаги пул маблағи қайтариб, берилиши таъминланди.








