Рақобат қўмитаси томонидан енгил автомобилларни харид қилиш ва уларга кўрсатилаётган сервис хизматларидан норозилиги юзасидан истеъмолчилардан келиб тушган мурожаатлар ўрганилиб таҳлил қилинганида жорий йилнинг ўтган икки ойи давомида мазкур йўналишда 154 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, шулардан
106 таси (68,8 фоиз) қаноатлантирилган;
36 тасига (23,4 фоиз) тушунтириш берилган;
11 таси ваколатли органларга юборилган.
Мурожаатларни кўриб чиқиш натижасида истеъмолчиларга 705,3 млн сўм маблағ қайта ҳисоб-китоб қилиб берилган. Шунингдек, 6 та автомобиллар сифатсиз бўлганлиги сабабли алмаштириб берилган.
Жумладан,
Фуқаро Б. Э. Қўмитага қилган мурожаатида Тошкент шаҳрида жойлашган “Pronto Motor Trade” МЧЖга қарашли автосалондан “Tracker-2 TRK Redline” моделли автомобилига буюртма берганлиги, бироқ автомобилда нуқсонлар мавжудлигини ва уни янги ва сифатлисига алмаштирилишида амалий ёрдам бериш сўралган. Қўмита томонидан мурожаатни кўриб чиқиш натижасида 253,4 млн сўм қийматдаги “Tracker-2 TRK Redline” моделли автомобил янгисига алмаштирилиши таъминланди.
Фуқаро Ж.К. Қўмитага қилган мурожаатида Тошкент шаҳрида жойлашган “YAS-Petroleum Trade” МЧЖга қарашли автосалондан “LIXIANG L9” моделли автомобил харид қилганлиги, орадан вақт ўтиб автомобилда нуқсон аниқланиб носоз ҳолга келганлигини маълум қилиб, автомобилни бепул таъмирлаб берилишида амалий ёрдам сўралган. Қўмита томонидан мурожаатни кўриб чиқиш натижасида 69,3 млн сўм қийматдаги таъмирлаш хизмати жамият томонидан истеъмолчига бепул кўрсатилган ва мурожаатдаги масала ижобий бартараф этилган.
Фуқаро Н. Т. Қўмитага қилган мурожаатида, фуқаро автомашинасини таъмирлатиш мақсадида Тошкент шаҳрида жойлашган BYD Роҳат сервис марказига мурожаат қилганлиги, сервис маркази томонидан умумий харажатлар қиймати 51 млн сўм бўлиши билдирилган бўлиб, жамият томонидан келишилган нарх устига яна 12 млн сўм қўшилганлиги, ушбу пул маблағлари тўлов қилинмаса авто эҳтиёт қисимларини эскиси ўрнатиб берилишидан норозилигини билдириб, ушбу ҳолат юзасидан амалий ёрдам сўраган. Мурожаат юзасидан “MK Direct” МЧЖ ХКни жалб қилган ҳолда ўрганиш ишлари олиб борилди. Натижаларига кўра, жамият томонидан автомашинанинг ўриндиқлари шикастланганлиги сабаб янгисига алмаштириш лозимлиги маълум қилинган бўлиб, ушбу ўриндиқларни ўрнатиб бериш билан барча харажатлар 12,7 млн сўм бўлиши билдирилган ҳамда содиқлик доирасида барча мижозларни қўллаб-қувватлаш мақсадида сервис маркази томонидан ушбу хизматлар учун 12,7 млн сўм миқдоридаги пул маблағлари ундирилмасдан бепулга алмаштириб берилишига эришилган.