Маълумки, бугунги кунда “Долзарб бир ойлик” доирасида вилоят ва туман (шаҳар) ҳокимликларида штаблар ташкил этилган бўлиб, унда белгиланган вазифалар ижроси юзасидан кундалик маълумотлар жамланиб борилмоқда.
Рақобат қўмитаси раиси бошчилигидаги ишчи гуруҳи ана шу маълумотлар асосида жойларда олиб борилаётган ишларни ўрганиш мақсадида Янгиариқ туманининг “Собурзон”,“Янгиобод” ва “Қоракўз” маҳаллалари ҳамда улардаги 10га яқин хонадонларга ташриф буюрди.
Жумладан,
“Собурзон” ва “Янгиобод” МФЙлар оғир аҳволга тушиб қолган маҳаллалардан бўлиб, асосий даромади деҳқончилик ва чорвачилик ҳисобланади. Аҳолининг бу борадаги энг долзарб муаммоларидан бири суғориш мавсуми давомида хонадонларидаги томорқалар ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида ажратилган экин майдонларида сувнинг кескин камайиб кетиши билан боғлиқ. Суғориш тизимини яхшилаш учун маҳаллага сув насос агрегати ва трансформаторлари келтирилган. Аммо ўрганиш даврига қадар насос иншоотларини бетонлаштириш ишлари суст бораётганли ҳамда электр тармоқларига уланиш бўйича тегишли рухсатномалар олинмагани кузатилди.
Бундан ташқари, мазкур маҳаллаларнинг камбағал оила реестрида турувчи хонадонларга бириктирилган масъул ташкилотлар томонидан аҳолини камбағалликдан чиқариш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмаган.
Масалан,
“Собурзон” маҳалласида бугунги кунда 4 271 нафар аҳоли истиқомат қилади. Унда149 та камбағал оила, 96 та ногирон ва 123 та ишсиз аҳоли мавжуд. Қўмитанинг ишчи гуруҳи маҳаллада камбағал оила реестрида турувчи Юқорибоғ кўчаси 41-хонадони ўрганилганда унга бириктирилган туман “Асакабанк” АЖ раҳбари амалий ёрдам ўрнига фақат учрашувлар ўтказиш билан кифоялангани маълум бўлди.
“Янгиобод” МФЙда эса 5041 нафар аҳоли яшайди. Булардан 176 таси камбағал оила, 86 таси ногиронлар ва 108 таси ишсиз аҳоли ҳисобланади. Хусусан, маҳаллада камбағал оила реестрида турувчи Аваз Ўтар кўчаси 12-уйда истиқомат қилувчи оила аъзолари билан учрашилганда, ушбу хонадонга Янгиариқ туман касб-ҳунар мактаби раҳбари бириктирилган, бироқ хонадонни камбағалликдан чиқариш учун биронта иш қилинмаганлиги маълум бўлди.