Жорий йилнинг октябрь ойида Германиянинг Sparkassen Stiftung ташкилоти кўмагида Қўмита раиси ўринбосари Фаррух Карабаев Брюссель шаҳрида (Бельгия) Европа Комиссиясининг Рақобат бўйича Бош директоратига (Европа Иттифоқининг асосий монополияга қарши органи) ташрифни амалга оширди ва
Монополияга қарши курашишни тартибга солиш ва рақамли платформаларни назорат қилиш бўйича Бош директор ўринбосари Линси Маккаллум хоним ва Рақобат сиёсати ва стратегия бошқармаси бошлиғи Инге Бернаертс хоним билан амалий учрашув ўтказилди.
Учрашувда Рақобат қўмитасининг Давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистонда рақобатни янада ривожлантириш, иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва барча бозор иштирокчиларга тенг шароитлар яратиш, илғор халқаро амалиётларга тўлиқ уйғунлаштирилган рақобат сиёсатининг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган таркибий ислоҳотларнинг натижалари ҳақида маълумот берилди.
Европа Комиссияси вакиллари томонидан глобал рақамли платформаларни тартибга солиш, картелларни тергов қилиш, давлат ёрдами ва иқтисодий концентрация битимларини назорат қилишдаги ёндашув ва амалиётлар бўйича маълумот бердилар.
Бундан ташқари, Европа Иттифоқининг рақобат қонунчилиги ва сиёсати амалиётлари мавзусига бағишланган халқаро семинарда иштирок этилди, College of Europe университетининг Глобал рақобат бўйича ҳуқуқ маркази президенти, доктор Бернд Мейринг, шунингдек, Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича (EuroUz) ассоциациясининг Интеллектуал мулк ва рақобат масалалари қўмитаси аъзолари билан ҳам учрашувлар ўтказилди.
Учрашувлар натижаларига кўра қуйидаги келишувларга эришилди:
Қўмита мутахассисларнинг Европа Комиссиясининг Рақобат Бош Директоратида 3 ойлик амалиёт ўташини ташкил этиш;
Қўмита билан Рақобат Бош Директорати ўртасида глобал рақамли платформаларни монополияга қарши тартибга солиш бўйича ўзаро маслаҳатлашув механизми ишга тушириш.
Шунингдек, EuroUz Ассоциацияси ва Қўмита ўртасида Англашув Меморандуми имзоланди. Ушбу Меморандумга мувофиқ Ассоциация Қўмитага Европа комиссияси билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга кўмак беради, Европа Иттифоқининг тадбиркорлик субъектлари Ўзбекистонда ўз фаолиятларини амалга оширишидаги барьерларни бартараф этишга ҳамда Ўзбекистонга Европа инвестициялари оқимини оширишга кўмаклашиш бўйича доимий маслаҳат механизми жорий этилади.