Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тадқиқотлари марказида устун мавқени суиистеъмол қилиш ҳолатларининг олдини олиш масалаларига бағишланган халқаро семинар бўлиб ўтди
2026 йил 17–18 июнь кунлари Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳузуридаги Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тадқиқотлари марказида “Устун мавқени суиистеъмол қилиш/Бир томонлама хатти-ҳаракатлар: тергов қилиш ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти. Германия тажрибаси ҳамда уни Ўзбекистонда жорий этиш ва қўллаш масалалари” мавзусида халқаро амалий семинар бўлиб ўтди. Семинар Германиянинг Спаркассенстифтунг халқаро ҳамкорлик жамғармаси (Герман Спаркассенстифтунг) ҳамда Германия Федерал картель идораси (Бундескартелламт) билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Семинарни кириш сўзлари билан Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тадқиқотлари маркази директори Олимжон Жумаев, Герман Спаркассенстифтунг жамғармасининг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналиши раҳбари Лия Граубергер ҳамда Германия Федерал картель идораси вакили доктор Феликс Энгелсинг очиб берди.
Икки кун давом этган семинар давомида иштирокчилар Германияда устун мавқени суиистеъмол қилиш ҳолатлари бўйича ишларни тергов қилиш амалиёти билан танишдилар, чакана савдо, рақамли платформалар ва инновацион бозорлар соҳасидаги реал мисолларни кўриб чиқдилар, шунингдек, рақобат тўғрисидаги қонунчилик бузилишларини аниқлашда далилларни йиғиш ва иқтисодий таҳлил ўтказишнинг замонавий ёндашувларини муҳокама қилдилар.
Семинарда амалий машғулотларга алоҳида эътибор қаратилиб, унинг доирасида иштирокчилар ахборот сўровларини тайёрлаш, хўжалик юритувчи субъектларнинг бозор хатти-ҳаракатларини таҳлил қилиш ҳамда рақобат қонунчилиги бузилиши бўйича қарор лойиҳаларини ишлаб чиқиш кўникмаларини мустаҳкамладилар.
Мазкур семинар илғор халқаро тажриба алмашиш, Қўмита ходимларининг касбий салоҳиятини янада ошириш ҳамда Ўзбекистон ва Германия рақобат органлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилди.








