Иқтисодий концентрация ва иқтисодиётда давлат иштирокини назорат қилиш бошқармаси

 

  1. Бошқарманинг вазифалари ва функциялари

 

Қуйидагилар бошқарманинг асосий вазифалари ҳисобланади:

Қўмитага юклатилган функция ва вазифаларни ҳудудий бошқармалар ва қўмитага қарашли ташкилотлар билан самарали бажарилишини таъминлаш;

рақобат ва тадбиркорликни ривожлантириш асосида бозор муносабатларини шакллантиришга кўмаклашиш;

шахс ёки шахслар гуруҳи томонидан хўжалик юритувчи субъектнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) олиш, шунингдек, хўжалик юритувчи субъектларнинг бирлашуви ва қўшиб олиниши бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда олдиндан розилик бериш орқали бозор концентрацияси устидан назоратни амалга ошириш;

давлат иштирокидаги хўжалик юритувчи субъектларни, шунингдек, уларнинг аффилланган шахсларини ва хўжалик фаолиятини амалга ошириш ваколатлари берилган давлат муассасаларини ташкил этишда (қайта ташкил этишда) монополияга қарши органнинг дастлабки розилигини бериш орқали давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш устидан назоратни амалга ошириш;

давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектларда монополияга қарши комплаенсни жорий қилиш ва уни назоратини амалга ошириш;

Бошқарма фаолияти соҳасининг меъёрий-ҳуқуқий ва методологик базасини такомиллаштириш.

Бошқарма ўзига юклатилган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

шахс ва шахслар гуруҳи томонидан хўжалик юритувчи субъектнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) олиш бўйича, шунингдек хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юборишга, қўшиб олишга доир ҳаракатларни (битимларни) амалга оширишда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда олдиндан розилик бериш орқали бозор концентрациясини назорат қилади;

товар, молия ва рақамли бозорларда бозор концентрациясини баҳолайди;

бозор концентрациясини назорат қилишни янада такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқади;

давлат иштирокидаги хўжалик юритувчи субъектларни, шунингдек, уларнинг аффилланган шахсларини ва хўжалик фаолиятини амалга ошириш ваколатлари берилган давлат муассасаларини ташкил этишда (қайта ташкил этишда, қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бўлиш, ажратиб чиқариш, ўзгартиришда, фаолият тури ўзгарганда) монополияга қарши органнинг дастлабки розилигини бериш юзасидан товар (иш, хизматлар) бозорида ўрганишлар ўтказиш ҳамда маълумотларни белгиланган тартибда комиссияга тақдим қилади;

давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш бўйича таклифларни ишлаб чиқади;

давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектларда монополияга қарши комплаэнс тизимини жорий қилади ва уни назоратини амалга оширади;

хўжалик юритувчи субъектларининг қўшилиши, бирлашиши ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг акцияларини (улушлари) олишга олдиндан рухсат бериш ҳамда ушбу соҳадаги қонунбузилишлар тўғрисида аризаларни кўриб чиқиш бўйича Махсус комиссиянинг ишчи органи функцияларини бажаради;

монополияга қарши кураш комплаенси самарадорлигининг муҳим кўрсаткичларини бажариш натижаларини баҳолайди;

Бошқарма ваколатига кирувчи масалалар бўйича меъёрий-ҳуқуқий ва методологик базасини ишлаб чиқади ва такомиллаштиради;

Бошқарма ва бозор концентрациясини назорат қилиш билан боғлиқ масалалар бўйича Қўмитанинг бошқа таркибий бўлинмалари ўртасида ҳамкорликни ташкиллаштиради;

Бошқарма ваколатига кирувчи масалалар бўйича жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқади;

Бошқарма ўз ваколати доирасида қонунчилик бузилишларини бартараф этиш бўйича зарур ҳаракатларни амалга оширади;

Бошқарма ваколатига кирувчи масалалар бўйича Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари фаолиятини мувофиқлаштиради;

қонунчиликка мувофиқ бошқа функцияларни амалга оширади.