2025 йил 7–9 май кунлари Шотландиянинг Эдинбург шаҳрида Буюк Британиянинг Рақобат ва бозорлар бўйича бошқармаси (CMA) томонидан ташкил этилган Халқаро рақобат тармоғи (ICN)нинг 24-йиллик анъанавий конференцияси бўлиб ўтмоқда.
ICN – бутун дунё бўйлаб монополияга қарши органларини рақобат сиёсати соҳасида тажриба алмашиш, уйғун ёндашувларни ишлаб чиқиш ва соҳавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида бирлаштирувчи халқаро форум ҳисобланади. ICNнинг йиллик конференцияси иштирокчиларга очиқ мулоқот, ғоя ва илғор тажрибалар алмашиш учун самарали платформа тақдим этади. Бу эса истеъмолчилар ва ҳалол бизнес манфаати йўлида рақобатни таъминлаш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
2025 йилги конференциянинг асосий мавзулари – рақобатнинг иқтисодий ўсишни рағбатлантиришдаги роли, технологиялар тақозо этаётган ўзгаришларнинг рақобат органларига таъсири ҳамда глобал чақириқлар шароитида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларини қамраб олади.
Конференцияда Рақобат Қўмита раиси Ҳалилилло Турахужаев раҳбарлигидаги делегация иштирок этишмоқда.
Конференция доирасида Ўзбекистон делегацияси қатор мамлакатларнинг монополияга қарши органлари раҳбарлари билан учрашув ва музокаралар ўтказилиши режалаштирилган. Бундай мулоқотлар мамлакатимизнинг халқаро ҳамкорлигини кенгайтириш, тажриба алмашиш ва рақобат сиёсати соҳасида илғор ёндашувларни жорий этиш имкониятларини очади.