#Халқаро_семинар
Молия секторида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кодекси сари: тушунчалар, тамойиллар ва халқаро тажриба
2026 йил 29 апрель куни Рақобат қўмитаси Германиянинг “German Sparkassenstiftung for International Cooperation” ташкилоти билан ҳамкорликда молия секторида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бағишланган халқаро семинар ташкил этди. Унда Швейцария ва Германиядан ташриф буюрган нуфузли халқаро экспертлар, Марказий банк ва қарийб 30 га яқин тижорат банки вакиллари иштирок этди.
Семинарни Қўмита раиси ўринбосари Ф. Карабаев очиб, 2025 йил давомида Қўмитага келиб тушган 53 мингдан ортиқ мурожаатларнинг қарийб 10 фоизи молиявий хизматлар билан боғлиқ экани, шу нуқтаи назардан, Ўзбекистонда банк ва молиявий хизматлар соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича замонавий стандартларни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш долзарб вазифалардан бири экани қайд этилди. Шунингдек, ҳамкорликда ишлаб чиқилаётган янги Кодекс лойиҳасининг асосий йўналишлари ва унга қўйиладиган талаблар ҳақида маълумот берилди.
Тадбир давомида халқаро экспертлар Л.Граубергер, профессор Рашид С. Каукаб ҳамда Марказий банкнинг Молиявий хизматлар истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати бошлиғи Б.Мирзаев томонидан молиявий қонунчиликни такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди. Хусусан, халқаро тамойилларни миллий шароитга мослаштириш, назорат ва жавобгарлик механизмларини кучайтириш, шунингдек аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Муҳокамалар якунида янги Кодексга қуйидаги муҳим йўналишларни киритиш бўйича таклифлар умумлаштирилди:
➡️молиявий маҳсулотлар ва хизматлар бўйича тушунарли ва шаффоф ахборот тақдим этиш;
➡️мижозларга нисбатан ҳалол ва адолатли муносабатни таъминлаш;
➡️шахсий маълумотлар хавфсизлигини кафолатлаш;
➡️самарали мурожаат ва шикоятларни кўриб чиқиш тизимини жорий этиш;
➡️қоидабузарликлар учун аниқ ва таъсирчан жавобгарлик чораларини белгилаш;
➡️онлайн кредитлаш ва финтех хизматлари учун алоҳида тартиб ва талабларни ишлаб чиқиш.
Мазкур семинар миллий молия бозорида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.








