Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ва унинг ҳудудий тузилмаларига фуқаролардан бошқарув сервис компаниялари (БСК) ва улар томонидан кўрсатилаётган хизматлардан норозилик билдирилган кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда.
Хусусан, 2024 йилнинг январь-октябрь ойларида Қўмитага уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, қурилиш ва транспорт соҳасида истеъмолчилардан жами 8434 та мурожаатлар келиб тушган бўлса, булардан 380 таси кўп квартирали уйларни бошқариш соҳасига тўғри келади.
Мурожаатлар ўрганилганда бошқарув органлари томонидан мулкдорларнинг умумий йиғилишларни ўтказилмаслиги, амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботлар очиқ тақдим этилмаслиги ва ҳисоботлар билан танишиш учун онлайн имкониятларнинг мавжуд эмаслиги шунингдек, кўрсатилмаган хизматлар учун асоссиз қарздорликлар ҳисобланаётганлиги маълум бўлди.
Ўрганишлар жараёнида шартномаларда белгиланган қонунчилик нормаларига мос келмайдиган ёки истеъмолчининг ҳуқуқини чеклаб қўювчи бир нечта шартларни киритган қуйидаги Бошқарув сервис компаниялари аниқланди.
Мисол тариқасида Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳрида “Lochin-Sanjar BK” МЧЖнинг шартнома шартларида мажбурий бадалларни тўлашда муддатдан кечиктирганлик учун 0,1 фоиз миқдорида жарима қўлланиши, бироқ компания ўз мажбуриятларини муддатида бажармаганлик учун ҳеч қандай жавобгарлик белгиланмаганлиги назарда тутилганини келтириб ўтиш мумкин.
Бундай ҳолатлар Тошкент вилоятининг “Ascent Gold Story” МЧЖ, Қашқадарё вилояти «Omad paxtazor kommunal PBK» МЧЖ, Сирдарё вилоятида “Istiqlol kommunal xizmat ta’mir” МЧЖ, Самарқанд вилоятида «Nurafshon tashabbusi” МЧЖ ва “Afrosiyob Maroqand BSK” МЧЖ ва “Pastdarg’om kommunalchi” МЧЖларида ҳам кузатилган.
Фарғона вилоятида фаолият юритувчи “Xumo Turon” МЧЖ шартномасида эса 3 ой мобайнида тўлов амалга оширилмаган тақдирда электр энергияси, газ ва сув таъминотидан узиб қўйилиши қайд этилганини ҳам келтириб ўтиш мумкин. Амалдаги қонунчиликка асосан БСКларга коммунал таъминотлардан узиб қўйиш ваколати берилмаган.
Тошкент вилояти, Олмалиқ шаҳрида яшовчи фуқаронинг “Ascent Gold Story” МЧЖ бошқарув сервис компанияси ўртасида тузилган умумий мол-мулкни сақлаш, ундан фойдаланиш ва уни таъмирлаш бўйича тузилган шартномада БСК ўз мажбуриятларини бажармаганда ёки лозим даражада бажарилмаганлик натижасида етказилган зарар Давлат томонидан қоплаб берилиши тўғрисида асосланмаган шарт белгиланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида”ги Қонуни 28-моддасининг:
11-хатбошида белгиланган агар бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи шартнома шартларини бажармаса, кўп квартирали уйдаги жойларнинг мулкдорлари умумий йиғилиш қарорига асосан кўп квартирали уйни бошқариш шартномасини бажаришдан бир томонлама тартибда воз кечишга ва бошқа бошқарувчи ташкилотни ёки бошқарувчини танлаш тўғрисида қарор қабул қилиши асосий ҳуқуқларидан бири бўлиб, лекин шартноманинг томонларнинг мажбуриятлари ва ҳуқуқлари тўғрисидаги бўлимида мулкдорнинг ҳеч қандай ҳуқуқи акс эттирилмаган.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг:
6-моддасига мувофиқ, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) истеъмолчига ўзи реализация қилаётган товар (иш, хизмат)лар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шарт.
19-моддасига мувофиқ, ижрочи айрим турдаги ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш)қоидаларида ёки шартномада белгиланган муддатда, ҳажмда ва сифатда ишни бажариши(хизмат кўрсатиши) шарт.
Юқорида қайд этилган кўп квартирали уйни бошқарувчи ташкилотлар фаолиятидаги мавжуд муаммолар ечими бўйича Рақобат қўмитаси томонидан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясига тегишли таклифлар билан маълумот юборилди