Сўнги пайтда ижтимоий тармоқларда давлат органлари ва улар муассислигидаги ташкилотларнинг веб-сайтларида товарлар (иш, хизматлар) ҳақида реклама берилиши кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Шунингдек, давлат органларига алоқадор бўлган веб-сайтларда айнан битта корхонага тегишли бўлган товар ёки хизматларга оид рекламаларни жойлаштиришда устунлик берилиши бошқа бошқа рақобатчиларга нисбатан адолатсиз ҳаракатни юзага келтириши мумкинлиги қайд этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси “Реклама тўғрисида”ги Қонунининг мақсади рекламани тайёрлаш, жойлаштириш ва тарқатиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат бўлиб, унинг 32-моддасига мувофиқ, давлат органларининг ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, мактабгача таълим ташкилотларининг, умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларининг биноларига ички рекламани жойлаштириш тақиқланади.
Ўз навбатида, давлат органи биносида ички реклама воситасида турли товар ёки хизматларни реклама қилиниши, ушбу ташкилотга келган шахсларда реклама қилинаётган товарга нисбатан унинг ишончли эканлиги ҳақида таассурот уйғотиши мумкин.
Ҳудди шунингдек, давлат органларига оид веб-сайтларда тижорат рекламасини жойлаштирилиши аҳоли ўртасида айнан ушбу рекламага нисбатан бошқа товарларга нисбатан юқори эътиборни қаратиши, реклама қилинаётган товарлар ёки хизматлар давлат ташкилотлари томонидан маъқулланганлиги (тавсия этилганлиги) ҳақида ёлғон тасаввурни уйғотиши мумкин.
Шунга кўра, ички рекламаларга нисбатан қўйилган талаблардан ҳамда рекламада товар давлат органлари ёки уларнинг мансабдор шахслари томонидан маъқулланганлигини кўрсатиш таъқиқланганлигидан келиб чиқиб, давлат органларига оид веб-сайтларда тижорат рекламасини жойлаштирилиши мақсадга мувофиқ эмас, ахборот тизими имкониятлари ва давлат хизматларига оид маълумотлар, шу жумладан ижтимоий рекламалар бундан мустасно.








