Рақобат қўмитасига тиббиёт хизматлари ва фармацевтика соҳаси бўйича 2026 йилнинг ўтган вақти давомида 900 дан ортиқ мурожаат келиб тушган бўлиб, мазкур кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан деярли 2 баробарга ошганини кўрсатмоқда.
Мурожаатларни кўриб чиқиш натижасида товар ва хизматлар учун тўланган 300 млн сўмдан ортиқ маблағ истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, истеъмолчиларни қийнаётган айрим муаммолар тиббиёт ва косметология соҳасида ҳалол ҳамда қонуний фаолият юритаётган тадбиркорларга ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.
Хусусан:
- хусусий тиббий хизмат кўрсатиш қоидаларининг ягона ва очиқ тартибда шаклланмаганлиги;
- косметология соҳасида тиббий ва жарроҳлик амалиётларини бажаришда ходимларнинг малака талабларига тўлиқ риоя этмаслиги;
- косметологик муолажаларда фойдаланилаётган айрим тиббий буюм ва препаратларнинг давлат рўйхатидан ўтмаганлиги;
- хусусий клиникалар томонидан ЭКО муолажалари бўйича истеъмолчиларга етарли ва тушунарли маълумот берилмаслиги;
- муолажаларнинг эҳтимолий оқибатлари ва ўзига хос хусусиятлари олдиндан тўлиқ тушунтирилмаслиги асосий муаммолар сифатида қайд этилмоқда.
Шунингдек, мазкур ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ҳудудларда тасдиқланган режа-жадвал асосида «сирли мижоз» тадбирлари ўтказилмоқда.
Ушбу тадбирлар доирасида тиббиёт хизматлари ва фармацевтика соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларининг олди олинмоқда ҳамда уларни бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда.
Рақобат қўмитаси тиббиёт ва фармацевтика соҳасида истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилган ҳолатларда Қўмитага мурожаат қилиш лозимлигини эслатади. Мурожаатлар асосида қонунчиликда белгиланган тартибда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини тиклаш бўйича тегишли чоралар кўрилишини маълум қилади.








