Рақобат қўмитаси томонидан бошқа ваколатли органлар билан ҳамкорликда ўтказилган назорат харидларида бир қатор озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлиги амалдаги санитария-гигиеник ҳамда хавфсизлик талабларига жавоб бермаслиги аниқланди. Сифатсиз маҳсулотларни муомалага чиқариш орқали қонунбузилишга йўл қўйган шахсларга, шунингдек сақлаш тартибларига риоя этмаган сотувчиларга нисбатан тегишли таъсир чоралари белгиланмоқда.
Мисоллар вилоят ҳудудий бошқармалари кесимида:
Самарқанд вилояти
9 турдаги озиқ-овқат ва халқ истеъмоли товарларининг назорат хариди ўтказилди. Лаборатория текширувига кўра, Қозоғистонда ишлаб чиқарилган “555 МУКА” ун маҳсулоти санитария талабларига жавоб бермаслиги ва истеъмолга яроқсиз экани аниқланди. Маҳсулотни савдодан олиб ташлаш бўйича тадбиркорларга мажбурий кўрсатмалар берилди.
Навоий вилояти
Ўтказилган назорат хариди давомида “FORDES GROP” МЧЖга тегишли савдо дўконидан Хоразм вилоятида ишлаб чиқарилган “Saodat” ёдланган ош тузи лаборатория синовларида хавфсизлик талабларига мос келмаслиги аниқланди. Ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар ваколатли органга ишлаб чиқарувчига нисбатан чора кўриш учун юборилди.
Бухоро вилояти
Лабораторияга топширилган “Sulaymon Nafosat Fayz” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган “Sulaymon Fayz” биринчи навли буғдой уни санитария-гигиеник меъёрларга мос эмаслиги аниқланди. Ун маҳсулоти сотувидан тушган 5,7 млн сўм маблағни истеъмолчиларга қайтариш бўйича кўрсатма берилди.
Жиззах вилояти
Назорат хариди учун “Javhar Flour Trade” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган “Ardus” ун маҳсулоти намуналари лабораторияга топширилганда унда темир ва рух миқдори белгиланган меъёрларга жавоб бермаслиги аниқланди. Ушбу маҳсулотнинг савдосига чек қўйилиб,сотувчига нисбатан таъсир чоралари кўрилмоқда.
Фарғона вилояти
“Troyka” номли буғдой уни намунаси лаборатория текширувларида меъёрий талабларга номувофиқ деб топилди. Ҳолат бўйича материаллар ваколатли органга кўриб чиқиш тақдим этилди.
Рақобат қўмитаси томонидан назорат харидлари мунтазам равишда амалга ошириб борилмоқда.








