Тадбир давомида Рақобат қўмитаси томонидан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Тадбирда Қўмитанинг Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи Э.Хаитметов сўзга чиқиб, истеъмолчилар манфаатларини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Рақобат қўмитасига 2024 йил давомида истеъмолчилардан жами 30 070 та мурожаатлар келиб тушган. Мурожаатларни кўриб чиқиш натижасида истеъмолчиларга 32,9 млрд сўм миқдорда етказилган зарар қайта ҳисоб-китоб қилинган. Шу билан бирга, савдо соҳасида истеъмолчиларга 426 та ҳолатда 3,08 млрд сўмдан ортиқ миқдордаги маҳсулотлар алмаштириб ёки қайтариб берилган.
German Sparkassenstiftung for International Cooperation ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакили, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рақобат бўйича раҳбар Л.Граубергер халқаро масалаларига бағишланган маърузаси билан иштирок этди.
Қўмита ва German Sparkassenstiftung for International Cooperation ўртасида узоқ йиллардан буён самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, ушбу ҳамкорлик доирасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида бир қатор муҳим лойиҳалар амалга оширилди.