Расмий муносабат
Ижтимоий тармоқ орқали фуқаро “Uzum Market” иловаси орқали “MacBook M3 8/512” маҳсулотига буюртма берганлиги ва маҳсулот учун олдиндан 16 444 000 сўм миқдоридаги тўлов тўлаганлиги, бироқ, унга бошқа маҳсулот етказиб берилганлиги юзасидан йўлланган мурожаат келиб тушган.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси мазкур мурожаат юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.
Қўмита томонидан мурожаатда қайд этилган ҳолатлар юзасидан “Uzum Market” МЧЖни жалб қилинган ҳолатда ўрганилганда жамият томонидан ушбу кўрсатилган маҳсулотнинг нархи нотўғри кўрсатилганлиги сабаб буюртма берилган маҳсулот ўрнига MacBook M3 256 GB маҳсулотни 13 999 000 сўм эвазига таклиф қилганлиги ёки буюртмани бекор қилиб тўлов қилинган пул маблағларини 24 соат ичида пластик картасингизга қайтариб берилиши билдирилгани маълум бўлди. Аммо ноутбук учун тўланган пул маблағи жамият томонидан фуқарога қайтариб берилмаган.
Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг:
281-моддасида, товарни намуна ва (ёки) унинг тавсифи бўйича реализатсия қилиш чоғида сотувчи (ижрочи) намунага ва (ёки) тавсифга мувофиқ бўлган товарни тақдим этиши, шунингдек истеъмолчига товарни қабул қилиб олишида унинг бутлигини, яроқлилигини ва истеъмол хусусиятлари тўлиқ сақланганлигини текшириш имкониятини бериши шарт. Агар товар намунага ва (ёки) тавсифга мувофиқ бўлмаса, сотувчи (ижрочи) истеъмолчини бу ҳақда олдиндан хабардор қилиши керак. Товар намунага ва (ёки) тавсифга мувофиқ бўлмаган ҳолларда, истеъмолчи уни алмаштиришни ёки пул суммасини қайтаришни талаб қилиш ҳуқуқига эгалиги, товарни қайтариб бериш билан боғлиқ барча харажатлар сотувчининг (ижрочининг) зиммасида бўлиши белгиланган.
Ўрганиш натижасида “Uzum Market” МЧЖ томонидан 16 444 000 сўм миқдоридаги пул маблағлари фуқарога тўлиқ қайтариб берилиши таъминланди.