#Очиқ_мулоқот
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИДА РАҚОБАТ ҚЎМИТАСИНИНГ НАВБАТДАГИ ОЧИҚ МУЛОҚОТИ БЎЛИБ ЎТДИ
Ушбу очиқ мулоқот тадбиркор ва фуқаролар, тегишли мутасадди ташкилот ва ОАВ вакиллари ҳамда блогерлар иштирокида бўлиб ўтди.
Республика ҳудудлари кесимида ўтказилаётган ушбу очиқ мулоқотлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-6247 ва ПФ-154-сонли Фармонлари ижросини таъминлаш, давлат органлари фаолиятида очиқлик ва шаффофликни ошириш ҳамда тизимли жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш мақсадида Қўмита томонидан ўтказиб келинмоқда.
Мулоқот давомида Хоразм вилояти ҳудудий бошқарма бошлиғи в.б. Д.Абдукаримов томонидан 2025 йил якунлари ва 2026 йилнинг биринчи чорагида амалга оширилган ишлар юзасидан жамоатчиликка ҳисобот тақдим этилди.
Шунингдек, ҳудудда рақобат соҳасида белгиланган вазифалар ижроси ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид кўрсаткичлар жамоатчилик вакиллари иштирокида атрофлича муҳокама қилинди.
Очиқ мулоқот давомида иштирокчилари томонидан 10 га яқин мурожаат ва таклифлар қабул қилинди.
Жумладан:
ОАВ вакили, блогер М.Собирбоеванинг қўмита фаолиятини янада самарали ташкил этиш мақсадида блогер ва журналистларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, улар учун ўқув семинарлари ва тренинглар ташкил этиш, шунингдек ахборот алмашинувини кучайтириш ва ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан;
С. Қуронбоевнинг онлайн олинган кредит муддатидан олдин тўлиқ ёпилганлиги муносабати билан суғурта шартномасига асосан фойдаланилмаган давр учун тўланган суғурта мукофоти маблағини қайтариш юзасидан;
Б.Отаназаровнинг Uztelecom мобил алоқа оператори кўрсатаётган интернет Wi-Fi хизматларида узилишлар мавжудлиги юзасидан;
О.Эшметовнинг савдо шохобчасидан муддатли тўлов асосида телефон харид қилган, бироқ харид қилинган қурилманинг UZ IMEI коди тушиб қолганлиги ҳамда Ucell компанияси томонидан фуқаронинг пластик картасидан ҳар ой асоссиз равишда ортиқча маблағ ечиб олинаётганлиги бўйича;
“MAHMUD DONIYOR” ОК вакили ҳудудгаз таъминоти томонидан газ ҳисоблагич қиёсловдан ўтказилмаганлиги сабабли асоссиз қарздорлик ҳисобланганлигини маълум қилиб, ушбу муаммони бартараф этиш юзасидан таклиф ва мурожаатлари тингланди ва уларни кўриб чиқиш юзасидан тегишли масъул органларга таклифлар киритилиши белгиланди.
Тадбир иштирокчилар ўртасида савол-жавоблар ҳамда қизғин муҳокамалар руҳида бўлиб ўтди.
Маълумот ўрнида: Қўмитанинг Хоразм вилояти ҳудудий бошқармасига 2025 йилда жами 2500 дан ортиқ ва 2026 йил I-чораги давомида 700 га яқин мурожаатлар келиб тушган. Амалга оширилган ишлар натижасида 550 минг нафар истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилиниб, улар фойдасига 4 млрд сўмга яқин маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинган.








