#Халқаро_конференция
Айни дамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳамда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамкорлигида “Глобал ноаниқлик шароитида барқарор иқтисодий ўсиш драйвери сифатида рақобат сиёсати чоралари” мавзусидаги халқаро конференция ўз ишини бошлади.
Мазкур халқаро конференцияда Германия, Туркия, Грузия ва Озарбайжон давлатларининг рақобат органлари вакиллари, шунингдек, БМТнинг Савдо ва тараққиёт бўйича конференцияси (UNCTAD), Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги, Прогрессив ислоҳотлар маркази, Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси (UZEX), Халқаро валюта жамғармаси ҳамда бошқа қатор халқаро ва миллий ташкилотларнинг раҳбарлари, масъул ходимлари ва етакчи профессор-экспертлари иштирок этмоқда.
Конференцияни:
✅ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси Э. Гадоев,
✅ Рақобат қўмитаси раиси Ҳ. Турахужаев,
✅ Халқаро ҳамкорлик бўйича German Sparkassenstiftung ташкилоти, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рақобат бўлими бошлиғи Лия Граубергер кириш сўзлари билан очиб бердилар.
Улар ўз нутқларида замонавий иқтисодий шароитда рақобат сиёсатининг аҳамияти, бозорлар самарадорлигини ошириш ва истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилишнинг долзарб масалаларига тўхталиб ўтдилар.
Конференция доирасида рақобат сиёсати глобал ноаниқлик шароитида, жумладан инфляция босими, таъминот занжирларидаги узилишлар, рақамли трансформация ва геосиёсий парчаланиш даврида бозор барқарорлигини қандай мустаҳкамланиши, самарадорлик ва инновацияларни қўллаб-қувватлаши, истеъмолчиларни ҳимоя қилиши ҳамда барқарор иқтисодий ўсишга ҳисса қўшиши масалалари кўриб чиқилмоқда.








