Рақобат қўмитасига Туркия фуқароси томонидан мурожаат келиб тушди. Мурожаатда «Uzbekistan Airways» АЖ авиакомпаниясининг Анқара–Тошкент рейсида йўловчининг соғлиги учун муҳим бўлган махсус (глютенсиз) овқат етказиб берилмаганлиги таъкидланган.
Бундан ташқари, мурожаатда самолёт салонининг санитария-гигиена ҳолати талабга жавоб бермагани – йўловчи ўтирган жойда олдинги рейсдан қолган чиқиндилар мавжудлиги ҳам кўрсатиб ўтилган.
Йўловчи чипта сотиб олиш чоғида ўз соғлиғи билан боғлиқ вазиятни олдиндан авиакомпания билан келишиб олган ва авиакомпания ушбу махсус овқат рейсда таъминланишини кафолатлаган эди. Бироқ, парвоз куни бу талаб бажарилмаган.
Қўмита томонидан «Uzbekistan Airways» АЖ авиакомпаниясига юборилган сўров бўйича ўтказилган хизмат текшируви натижасида йўловчи ҳақ эканлиги, махсус овқатни Анқара аэропортидаги кейтеринг хизмати томонидан етказиб берилмаганлиги тасдиқланди.
Натижада, йўловчига етказилган маънавий ва моддий зарарни қоплаш мақсадида авиакомпания томонидан истеъмолчининг кейинги рейсида хизмат кўрсатиш классини бизнес-классга ошириш тўғрисидаги қарор қабул қилинди ва манфаати ҳимоя қилиниши таъминланди.
Шу билан бирга, самолёт салонидаги санитария-гигиена ҳолати бўйича ҳам масъул ташкилотга қўшимча назорат чоралари ўрнатилиши белгиланди.