Расмий муносабат
Ижтимоий тармоқ орқали “Centrum Air” авиакомпанияси йўловчиларининг ҳуқуқларини қўпол равишда бузаяпти, рейс бекор қилиниб, чипта пуллари қайтариб берилмаяпти” мавзуида фуқароларнинг мурожаати қолдирилган.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси мазкур мурожаат юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.
Қўмита томонидан олиб борилган ўрганишларда жорий йилнинг 13 июль кунидаги Тошкент – Бангкок йўналишидаги учиб бориш ҳамда қайтиш рейслари авиакомпания томонидан бекор қилингани, 2 нафар фуқаро эса зарурат сабабли Тошкент – Бангкок ва Бангкок – Боку йўналишлари бўйича қайтадан янги чиптани сотиб олиб, учиб кетганликлари, аэропортдаги расмий вакиллар чипта учун сарфлаган маблағини 100 фоиз миқдорида қайтариш ҳуқуқини тасдиқловчи авиакомпания муҳрига эга, расмий қайтариш далолатномаси тақдим этилганига қарамай бугунги кунга қадар маблағларни қайтармаётганликлари аниқланди.
Ўрганишлар натижасида фойдаланилмаган чипта учун сарфланган 9 млн 700 минг сўмдан ортиқ (808.62 АҚШ доллари) миқдордаги пуллар “Centrum Air” авиакомпанияси томонидан фуқароларга қайтариб берилиши таъминланди.
Шу билан бирга, йўловчиларга етказилган ноқулайликларни инобатга олган ҳолда авиакомпания томонидан истисно тариқасида икки нафар йўловчига “Centrum Air” авиакомпаниясининг исталган мунтазам йўналиши бўйича бир марталик бепул парвоз сертификати тақдим этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Маълумот учун. Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 21-моддасига асосан, сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмаслиги белгиланган.





