Самарқанд вилоятида тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказилди
“Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқоти”га тайёргарлик кўриш доирасида тадбиркорларнинг мурожаатлари, муаммолари ва таклифларини тизимли ўрганиш мақсадида Рақобат қўмитаси раиси бошчилигида Самарқанд вилоятида очиқ мулоқот ўтказилди.
Тадбир доирасида вилоят ҳудудидаги тадбиркорлик субъектлари билан бевосита мулоқот қилиниб, бизнес юритиш жараёнида учрайдиган тўсиқлар, монелик ҳолатлари ва соғлом рақобат муҳитини таъминлаш билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашув давомида тадбиркорлар ҳамда фуқароларни қийнаб келаётган муаммолар юзасидан мурожаат ва таклифлар қабул қилинди.
Жумладан,
🔘 “Samarqand don mahsulotlari” МЧЖ вакилининг биржа савдолари орқали сотиш белгиланган маҳсулотлар график асосида биржага қўйиб борилаётган бўлса-да, сотилмасдан қолаётгани ҳамда маълум бир савдо кунларида сотилмай қолаётган маҳсулотларни тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотишга рухсат берилиши масаласи тўғрисида;
🔘 “Ulmasov avtoturargoh” МЧЖ темирйўл вокзали ҳудудидан ижарага олинган 1421,91 кв.м автотураргоҳ ташкил қилингани, автотураргоҳда транспорт воситаларини сақлаш хизматлари учун қўлланилаётган тарифлар юзасидан эътирозлар бўлаётгани сабабли тарифларни тасдиқлатиш керакми ёки автотураргоҳ тарифларини неча дақиқа бепул қилиш кераклиги тўғрисида;
🔘 “Sayidov Sherali” томонидан ташқи реклама конструкцияларида тадбиркорлар рекламаси жойлаштирилмаган вақтда ва давлат идоралари томонидан сиёсий барьерлар жойлаштирилган вақтдаги ҳисобланган йиғимлар ва пеняларни бекор қилиш тўғрисида.
Бундай очиқ мулоқотлар тадбиркорлик субъектлари ва давлат органлари ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш, муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ҳамда соғлом рақобат муҳитини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.








