Жорий йилнинг 1–3 июнь кунлари Рақобат қўмитаси марказий аппарати ва ҳудудий бошқармалари ходимлари иштирокида БРИКСнинг Рақобат ҳуқуқи ва сиёсати халқаро маркази директори Алексей Иванов бошчилигидаги делегация томонидан “Рақамли платформаларни монополияга қарши тартибга солиш: халқаро амалиёт, тенденциялар ва Ўзбекистон Республикаси учун тавсиялар” мавзусида ўқув семинари ташкил этилди.
Семинарда БРИКС маркази экспертлари Даря Котова ва Кирилл Энтин иштирок этиб, рақамли бозорларни тартибга солишнинг халқаро моделлари, рақамли иқтисодиётда бозор чегараларини аниқлаш методологияси, монополияга қарши қонунчиликнинг экстратерриториал қўлланилиши ҳамда рақамли бозорлардаги қўшиб олиш ва қўшиб юбориш (М&А) битимларини баҳолаш масалалари юзасидан маърузалар қилдилар.
Тадбир давомида иштирокчилар рақамли платформалар фаолиятини тартибга солишнинг замонавий ёндашувлари, рақамли бозорларда самарали рақобат муҳитини шакллантириш механизмлари ҳамда ушбу соҳадаги илғор халқаро тажрибалар билан танишдилар.
Шунингдек, рақамли бозорларга оид гипотетик ҳолатлар асосида ташкил этилган кейс-семинарлар доирасида амалий масалалар муҳокама қилиниб, Ўзбекистон шароитида қўлланиши мумкин бўлган ёндашувлар юзасидан фикр алмашилди. Мазкур ўқув семинари Қўмита ходимларининг рақамли иқтисодиёт шароитида юзага келаётган рақобатга оид муносабатларни тартибга солиш бўйича билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.








