Бугун, Филиппиннинг Манила шаҳрида ўтказилаётган Халқаро рақобат тармоғининг (ICN Annual Conference 2026) 25-йиллик конференцияси доирасида Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Ҳалилилло Турахужаев Филиппин Рақобат комиссияси раиси Майкл Г. Агуиналдо билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида томонлар рақобат сиёсати соҳасида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш, институционал салоҳиятни мустаҳкамлаш ҳамда келгусида амалга оширилиши режалаштирилаётган истиқболли қўшма лойиҳалар юзасидан фикр алмашдилар.
Шунингдек, рақамли бозорлар, давлат харидлари ҳамда замонавий рақобат инструментларини жорий этиш соҳаларида тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилиниб, икки томонлама ҳамкорлик меморандумини имзолаш бўйича келишдилар.
Томонлар халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва ўзаро амалий мулоқотни изчил давом эттиришдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.
Мулоқот сўнгида Ҳ. Турахужаев Филиппин Рақобат комиссияси спикерларини жорий йилнинг 16–17 июнь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган халқаро конференцияда иштирок этишга таклиф қилди.
Конференция доирасида Қўмита масъул ходими Б. Юсупжанов томонидан “Халқаро ҳамкорлик лойиҳаси: ҳуқуқни қўллаш самарадорлигини оширишда халқаро ҳамкорлик” мавзусидаги сессияда Ўзбекистоннинг рақобат сиёсати соҳасидаги халқаро ҳамкорлик тажрибаси ҳамда давлат харидларида сунъий интеллект асосидаги замонавий тизимларни жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида ўз нутқида маълумот берди.








