15 март — Бутунжаҳон истеъмолчилар ҳуқуқлари кунига бағишланган халқаро конференция доирасида Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши фаол иштирок этди.
Мазкур нуфузли анжуманда давлат органлари вакиллари, халқаро ташкилотлар экспертлари, соҳавий мутахассислар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари иштирокида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Конференция давомида қўмита раис ўринбосари Улуғбек Давлатов томонидан ҳисобот тақдим этилди. Унда мамлакатимизда истеъмолчилар ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, эришилган натижалар ва мавжуд муаммолар атрофлича ёритилди.
Шунингдек, Жамоатчилик кенгаши аъзолари томонидан истеъмолчилар манфаатларини янада самарали ҳимоя қилиш, молиявий хизматлар шаффофлигини ошириш, рақамли платформаларда хавфсизликни таъминлаш ҳамда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини юксалтиришга қаратилган қатор янги фикр-мулоҳазалар ва амалий таклифлар билдирилди.
Тадбир якунида билдирилган таклифларни амалиётга жорий этиш, халқаро тажрибани миллий қонунчиликка мослаштириш ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтириш бўйича келишувларга эришилди.








