Жамоатчилик кенгаши йиғилиши: 2025 йил якунлари ва 2026 йил учун устувор вазифалар
2025 йил 29 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишга Қўмита раиси Ҳ.Турахужаев, жамоатчилик кенгаши аъзолари ҳамда соҳа вакиллари қатнашди.
Йиғилишда Қўмита раиси томонидан 2025 йилда амалга оширилган ишлар бўйича батафсил ҳисобот берилди. Хусусан, йил давомида 14 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилган, project.gov.uz портали орқали келиб тушган 878 та ҳужжат лойиҳасининг рақобат муҳитига таъсири баҳоланган. Инсофсиз рақобат, тил бириктиришлар ва картел келишувларига қарши чоралар кўрилиб, қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган ва тегишли кўрсатмалар берилган.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналишида 53 мингдан ортиқ мурожаат кўриб чиқилиб, 46 млрд сўмга яқин зарар истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинди. Шунингдек, маҳсулот сифати ва реклама соҳасида кенг кўламли мониторинг ишлари олиб борилди.
Муҳокамалар давомида онлайн савдоларда маҳсулот алмаштиришда юзага келаётган муаммолар, тадбиркорлар ва сотувчилар ҳамда истеъмолчиларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, Жамоатчилик кенгаши 2025 йил IV чорак якунларини ҳам кўриб чиқиб, мазкур даврда амалга оширилган ишлар самарали экани қайд этилди. Кенгаш аъзолари томонидан соҳадаги долзарб масалалар муҳокама қилиниб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Йиғилиш якунида 2026 йилда қонунчиликни такомиллаштириш, монополияга қарши курашни кучайтириш, бозорда соғлом рақобат муҳитини таъминлаш ҳамда истеъмолчилар мурожаатларини тез ва самарали ҳал этиш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.
👉 Асосий мақсад — тадбиркорлар учун тенг шарт-шароит яратиш, бозорда адолатли рақобатни таъминлаш ва фуқаролар манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш.








