Расмий муносабат
Ижтимоий тармоқларда “Тошкентда рекламалар ҳинд тилида пайдо бўла бошлади” мавзуида жойлаштирилган реклама пешлавҳаси жамоатчилик ўртасида муҳокамаларга сабаб бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан Рақобат қўмитаси Тошкент шаҳар ҳокимлиги ишчи гуруҳи билан ҳамкорликда ўрганишлар олиб боргани юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.
Хусусан, ўрнатилган реклама пешлавҳаси ноқонуний эканлиги, шунингдек унда Ўзбекистон Республикаси “Давлат тили тўғрисида” ҳамда “Реклама тўғрисида”ги Қонунларнинг талаблари бузилгани аниқланди.
Амалдаги қонунчиликка кўра, реклама ахборотлари Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида бўлиши, зарурат бўлса бошқа тилларда ҳам берилиши мумкинлиги белгиланган, бироқ бу ҳолатда ҳам давлат тилидаги матннинг устуворлиги сақланиши, реклама материаллари қонуний жойлаштирилиши шарт.
Қўмита аниқланган қоидабузарликлар асосида ноқонуний ўрнатилган реклама пешлавҳаси белгиланган тартибда демонтаж қилинганини билдиради.



