Ижтимоий тармоқ орқали “Шу йилнинг июнь ойида қурилиши битмаган уйга мажбурлигимиздан кўчиб ўтдик. Газ, свет, лифти бўлмаса ҳам 9-қаватда оғир шароитда яшаб келмоқдамиз… мавзуида фуқаро А.У.нинг мурожаати қолдирилган.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси мазкур мурожаат юзасидан қуйидагиларни маълум қилади
Хусусан, Қўмита томонидан “STAR HOUSE ORGANIZATION» МЧЖга юборилган сўров хатига жавобан фуқаро 2021 йилда «STAR HOUSE Nºl» МЧЖ билан бугунги кунда оиласи билан яшаётган Тошкент ҳалқа айланма йўли кўчасида қурилаётган 59-уйни харид қилиш учун шартнома тузгани билдирилган.
Рақобат қўмитаси олиб борган ўрганишларда «STAR HOUSE Nºl» МЧЖнинг иш фаолияти 2023 йил 3 мартда тугатилиб, бошқа «STAR HOUSE ORGANIZATION» МЧЖнинг таркибига қўшилганлиги ва бошқа қатор муаммолар юзага келганлиги сабабли уйни тўлиқ таъмирлаш ишлари кечиккани аниқланди. МЧЖ томонидан мазкур уйдаги камчиликлар бартараф этилмоқда.
Муаммони тўлақонли ҳал этиш мақсадида МЧЖ ўзининг хати орқали турар жой қурилиши кечикиш сабаблари ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериш ҳамда ўзаро келишиб олиш мақсадида фуқарони сотув офисига келишга таклиф қилган, аммо бугунги кунга қадар мурожаатчи сотув офисига келмаган ва ўзининг эътирозини билдириб жавоб қайтармаган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, “STAR HOUSE N1” МЧЖ фуқаро сотув бўлимига уйни харид қилишга доир ҳужжатлари билан келган тақдирда албатта уни мурожаатини кўриб чиқишга тайёрлигини билдиради.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 384-моддасида шартнома қандай шаклда тузилган бўлса, уни ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисидаги келишув ҳам шундай шаклда тузилиши, бир тараф шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги таклифга иккинчи тарафдан рад жавоби олганидан кейингина ёки таклифда кўрсатилган ёхуд қонунда ёинки шартномада белгиланган муддатда, бундай муддат бўлмаганида эса – ўттиз кунлик муддатда жавоб олмаганидан кейин, шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги талабни судга тақдим этиши мумкинлиги белгиланган.