Расмий муносабат
УЙ ХАРИД ҚИЛИШ ШАРТНОМАСИ БЕКОР ҚИЛИНДИ
Уйга тўланган бошланғич тўлов қайтариладиган бўлди
Ижтимоий тармоқ орқали “Сирдарё вилоятида намунавий лойиҳа бўйича қуриладиган уйлардан бирини харид қилиш учун “Saidbek Lola” МЧЖ ва фуқаро ўртасида имзоланган шартномага асосан бошланғич 54 678 000 сўм тўлов амалга оширилгани, аммо кейинги тўловларга имконият йўқлиги сабабли муаммо юзага келгани ҳақида” мавзуида танқидий мурожаат қолдирилган.
Шунингдек, мурожаатда жамият томонидан уйнинг нархи ошгани ҳақида фуқарога билдирилгани, бироқ экспертиза хулосаси тақдим этилмагани ва шартномага кўра уй смета ҳужжатлари асосида яшаш учун тайёр ҳолда топширилиши кераклиги ҳам таъкидланган.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси мазкур мурожаат юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.
Қўмита томонидан мурожаат ўрганиб чиқилганда фуқаро М.М. уй хариди билан боғлиқ қолган тўловларни банк кредити орқали тўлашга қарор қилган ва ҳужжатларини расмийлаштирган. Бироқ фуқаронинг “Кредит тарихи” тўғрисида маълумотномасида қарз олувчи сифатида молиявий интизоми ўрганилиб, банк томонидан кредит ажратиш лозим топилмаган.
Бундай вазиятдан сўнг фуқаро билан “Saidbek Lola” МЧЖ ўртасида расмийлаштирилган шартнома бир томонлама бекор қилинган ва уйни харид қилиш учун амалга оширилган 54 678 000 сўм бошланғич тўлов ўзаро келишувга асосан фуқарога қайтариладиган бўлди.