Шаҳидлар хотираси хиёбонида қатағон қурбонларини ёд этиш маросими бўлди. Маросимда Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди.
Қуръон тиловат этилиб, ўтганлар ҳақига дуо қилинди. Элга ош тортилди.
Мустақиллик кунларида миллатимиз ойдинлари хотирасини эъзозлаш, хизматларини эслаш яхши анъана. Чунки улар халқимиз озодлиги учун, бугунгидек эмин-эркин кунлар учун интилган эди. Бу сана Ватанга фидойилик унутилмаслигини, ҳамиша қадрланишини англатади.
Мустабид тузум даврида юртимизда минг-минглаб одамлар қатағонга учраган. Оилалари хонавайрон бўлиб, болалари етим қолган. Биргина 1937-38 йиллардаги катта қирғин даврида 7 мингга яқин ватандошимиз отилган.
Ҳозирги хиёбон шундай қатллар ижро этиладиган мудҳиш жой бўлган. Мустақиллик йилларида у обод масканга айлантирилди. Бу ерда “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда унинг филиаллари ташкил этилди. Айни пайтда музейда Туркистон маърифатпарварларига бағишланган кўргазма очилган.
Хиёбондаги рамзий қабр ёнида ҳам Қуръон тиловат қилинди.
– Ҳар сафар бу ерга келиб, халқимиз озодлиги йўлида қурбон бўлган жасур боболаримизни эслаб, кўнглимиз таскин топади. Уларни хотирлаш, эзгу ишларини давом эттириш биз учун ҳам қарз, ҳам фарз. Қатағон қилинган етакчиларимизнинг тақдири барчамизни мустақиллигимизни қадрлашга, уни асраб-авайлашга ундайди. Мана шундай мустақилликда, тинчликда яшашнинг ўзи Аллоҳ таолонинг катта марҳамати, неъмати. Бунинг учун шукроналик билан, унинг қадрига етиш керак, – деди Президент.
1937-53 йилларда Ўзбекистонда 100 минг одам қатағонга учрагани, уларнинг 13 минг нафари отиб ташлангани яна бир бор ёдга олинди. Афсуски, тазйиқлар бу билан чекланиб қолмаган.
Ўтган асрнинг 80-йилларида ҳам минглаб юртдошларимиз адолатсизлик қурбони бўлган. “Пахта иши”, “ўзбек иши” деган сохта айбловлар билан республикамиз бўйича 40 минг киши тергов қилинган, 5 минг нафари жиноий жавобгарликка тортилган.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистонга йигирма беш йил раҳбарлик қилган, ўзбек халқининг буюк фарзанди Шароф Рашидов ҳам ўлимидан кейин сиёсий қатағонга учрагани аламли эканини айтди.
Жадид боболаримиз ҳаётини ўрганиш, ноҳақ қатағонга учраган инсонлар хотирасини абадийлаштириш бўйича хайрли ишлар қилинаётгани таъкидланди.
– Бу борада адолатни тиклаш бўйича кўп ишлар қиляпмиз. Тарихчи олимлар иштирокида комиссиялар тузилди, архив ҳужжатлари ўрганилаяпти. Охирги икки йилда Ўзбекистон Олий суди 850 нафардан зиёд, бу йил 240 нафар ана шундай жабрдийда ватандошларимизнинг номини оқлади. Бундай изланишларни ҳеч қачон тўхтатмаслигимиз керак. Негаки ҳақиқатни халқимиз билиши керак, – деди Шавкат Мирзиёев.
Бу даврга оид тарих янги топилаётган ҳужжатлар ва ашёлар билан бойиб бормоқда. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича “Хотира” китоблари тайёрланди. Уларга 40 мингга яқин ватандошимиз тўғрисидаги маълумотлар киритилди. Бу тўпламлар яқин вақт ичида чоп этилади.
Президентимиз шулар билан бирга қатағон қурбонлари яшаган маҳаллаларда уларнинг номлари, фаолиятини муҳрлаб қўйиш зарурлигини таъкидлади.
– Музейлар қилдик, китоблар чиқаяпти, кўпчилиги оқланяпти. Лекин шу билан унутилиши керак эмас. Менинг назаримда, қатағон қурбонлари туғилиб ўсган ёки бугун авлодлари яшаётган маҳаллада, ўша ердаги мактабда уларнинг номларини ёзиб қўйсак, ҳам савобли, ҳам ибратли иш бўларди. Қолаверса, мана шундай байрамларда, хотира кунларида хонадонларини зиёрат қилиш керак. Нега уруш қатнашчиларини уйига борамизу, қатағон қурбонларини эсламаймиз?! Уларнинг ҳар бирининг ҳаёти – қаҳрамонлик. Биз буни ўрганиб, ташвиқот қилиб, ёшларимизга етказишимиз керак, – деди давлатимиз раҳбари.
Мутасаддиларга жадид боболаримиз тарихини ўрганаётган тадқиқотчиларга мақсадли грантлар ажратиш, улар ҳақида ҳужжатли ва бадиий фильмлар олиш, матбуот ва интернет нашрларда материаллар чоп этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
– Халқимиз у даврни яхши билиши, фахрланиши керак. Ёшлар “Бизнинг боболаримиз истиқлол орзусида курашган, ўзини аямаган, биз мустақиллик учун нима қилаяпмиз” деб ўзига савол бериши зарур. Мустақилликнинг мустаҳкам замини нима ўзи? Аввало, ватанпарварлик, билим, маънавият. Жамиятимизда ана шундай ватанпарварлик руҳини, шукроналик руҳини кучайтиришимиз керак, – дея таъкидлади Президент.