Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси вакиллари Россия Федерацияси Монополияга қарши курашиш федерал хизматининг таклифига асосан, жорий йил 16-18 февраль кунлари Қозон шаҳрида Антимонопол сиёсат бўйича давлатлараро кенгаш ҳузуридаги Реклама бўйича мувофиқлаштирувчи кенгашнинг навбатдаги кенгайтирилган йиғилишида иштирок этди.
Мазкур тадбир Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги иштирокчи давлатларининг реклама фаолиятини тартибга солиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг МДҲ давлатлари ҳукуматлари раҳбарлари томонидан имзоланганининг (2003 йил 19 декабрь, Москва шаҳри) 20 йиллиги муносабати билан ташкил этилди.
Кенгайтирилган йиғилиш доирасида “Очиқлик, ижтимоий масъулият сиёсатини шакллантириш, нуфузнинг ўлчови ва бошқаруви” мавзусида илмий-амалий семинар ўтказилди.
Ушбу семинарда реклама соҳасининг долзарб масалалари ва муаммолари фаол муҳокама қилинди. Хусусан, молиявий хизматлар рекламасида содир бўлаётган қонунбузарликлар, болаларни номақбул рекламадан, умуман, фуқароларни чалғитувчи рекламалардан қандай ҳимоя қилиш ҳақида бахс-мунозара қилинди. Ўз-ўзини тартибга солиш ва жамоатчилик назорати воситаларини янада фаолроқ қўллаш муҳимлиги илгари сурилди.
Тадбир якунида семинарнинг асосий мавзуси, кенгаш аъзолари ва иштирокчилар томонидан билдирилган таклифлар асосида Кенгашнинг яқин истиқболга мўлжалланган иш режаси ишлаб чиқилди.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Ахборот хизмати