Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Араб Амирликлари Вице-президенти шайх Мансур Ол Наҳаён билан телефон орқали мулоқотида кенг кўламли ҳамкорликни янада ривожлантириш, Амирликларнинг етакчи компаниялари иштирокида йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Шайх Мансур Ол Наҳаён Ўзбекистон раҳбарини бўлиб ўтган сайловдаги ишончли ғалабаси билан дилдан қутлаб, халқимизга фаровонлик ва равнақ тилади. БАА Президенти шайх Муҳаммад Ол Наҳаённинг табриги ва энг эзгу тилакларини ҳам етказди.
Икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Товар айирбошлашнинг ўсиш суръати, қўшма корхоналар ҳамда икки мамлакат ўртасидаги авиақатновлар сони ортаётгани мамнуният билан қайд этилди.
Бугунги кунда инвестиция лойиҳалари портфели 4 миллиард доллардан ошиб, «яшил» энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика, туризм инфратузилмаси ва бошқа йўналишларни қамраб олган.
БАА томони Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ижтимоий аҳамиятга эга дастурларни амалга оширишда ҳам техник кўмак кўрсатиб келмоқда.
Суҳбат давомида олий даражадаги фаол мулоқотни давом эттириш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва гуманитар ҳамкорликнинг йирик лойиҳаларини илгари суриш муҳим экани алоҳида таъкидланди.