Ижтимоий тармоқ орқали “Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган “MADО” овқатланиш корхонасида истеъмолчиларга таомнома хорижий тилда тақдим этилган, маълумотлар Давлат тилида эмас…” мавзуида фуқаронинг эътирози қолдирилган.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси мазкур мурожаат юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.
Рақобат қўмитаси олиб борган ўрганишларида Тошкент шаҳрида жойлашган “MADO” ресторанининг таомномасида давлат тилида маълумотлар мавжуд эмаслиги маълум бўлди. Бу билан хизмат кўрсатиш жараёнида Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни ва Вазирлар Маҳкамасининг 75-сонли қарорларида белгилаб берилган умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларни) ишлаб чиқариш ва сотиш қоидалари бузилган.
Мазкур камчиликларни бартараф этиш бўйича “MADO DONDURMA TR” МЧЖ ҚКга Қўмитанинг сўров хати киритилиб, унда жамиятга қарашли барча филиалларнинг таомномаларида давлат тилида маълумотлар қайд этилиши юзасидан тегишли чоралар кўриш зарурлиги қайд этилди.
Натижада “MADO DONDURMA TR” МЧЖ ҚКга қарашли ресторан ва уларнинг филиаллари таомномаларида давлат тилида маълумотлар қайд этилиб, истеъмолчиларга тақдим этилиши таъминланди.