Ижтимоий тармоқ орқали “Буюртмачи – “Хоразм вилояти Хонқа туманидаги 48-сон мактаб-интернатига овқат етказиб бериш бўйича…” мавзудиа танқидий мурожаат қолдирилган.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси мазкур ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.
Қўмитанинг Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан олиб борилган ўрганишларда Хонқа туман 48-сонли айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган мактаб-интернати (бундан кейинги матнда буюртмачи деб юритилади) томонидан бошланғич нархи 133 140 000 сўм бўлган ва 635 439 380 сўм бўлган танлов савдолари ўтказилганлиги, танловда иштирок қилиш учун 2 та талабгор (“TEMURBEK ChORVA KAPITAL” МЧЖ ва “SMART MEAT ShOP” МЧЖ) томонидан таклиф ҳужжатлари тақдим қилингани ва “TEMURBEK ChORVA KAPITAL” МЧЖ иккала танловда ҳам танлов ғолиби деб топилганлиги кузатилди.
Бироқ, танлов жараёнида, харид комиссияси томонидан иштирокчиларнинг ҳужжатлари харид қилиш ҳужжатлари талабларига мослиги ўрганилмаганлиги маълум бўлди.
Бу билан Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги Қонунининг 29-моддаси, иккинчи қисми, иккинчи хатбошиси (савдоларни ўтказишнинг қонунчиликда белгиланган тартибини бузиш) ва тўртинчи хатбошиси (савдоларнинг битта ёки бир нечта иштирокчисига савдоларда иштирок этиш учун имтиёзли шарт-шароитлар яратиш) талабларига риоя қилинмаган ҳолатлари кузатилди.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, Хоразм вилоят ҳудудий бошқармасининг тегишли огоҳлантириш хатига асосан буюртмачи томонидан 2025 йил 21 февраль куни ўтказилган танлов савдоларини ихтиёрий равишда бекор қилиниши таъминланди.