Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан Косонсой туман Ободонлаштириш бошқармаси амалга оширган 28 та тендер савдоларида “Рақобат тўғрисида”ги ва “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонунларга риоя этилиши юзасидан мониторинг ишлари олиб борилди.
Ўтказилган ўрганишлар давомида, Косонсой туман Ободонлаштириш бошқармаси томонидан 2023 йилда 15 та бошланғич нархи 970 млн сўмга яқин ва 2024 йил I-ярим йиллик ҳолатига 13 та 1 млрд 356 млн сўмлик тендер савдоларида буюртмачи ташкилот (харид комиссияси) томонидан иштирокчилар (“ISLAMOV TRADER” МЧЖ,“BERUNIY MEDICAL” МЧЖ) тақдим этган танлов таклифларини баҳолаш мезонларини белгилашда қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланди.
Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, ҳудудий бошқарма томонидан буюртмачига (Косонсой туман Ободонлаштириш бошқармаси) “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 29-моддаси талаблари бузилиши юзасидан Махсус комиссия томонидан белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, қонун бузилишини бартараф этиш мақсадида бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди. Шунингдек, қонун бузилишига йўл қўйган мансабдор шахс маъмурий жавобгарликка тортилди.