РАҚОБАТ ҚЎМИТАСИ: “ТАШАББУСЛИ БЮДЖЕТ” ЛОЙИҲАСИ ДОИРАСИДА НОҚОНУНИЙ РЕКЛАМАЛАРГА ИШОНМАНГ!
Мамлакатимизда фуқароларнинг бюджет жараёнларида фаол иштирокини таъминлаш мақсадида “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси амалга ошириб келинмоқда.
Мазкур жараён доирасида фуқаролар ўзларини қийнаб келаётган ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш бўйича лойиҳалар таклиф қилиши ва овоз беришда иштирок этиши мумкин. Овоз бериш ихтиёрий бўлиб, у учун ҳеч қандай тўлов ёки моддий рағбатлантириш мавжуд эмас.
Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда норасмий Telegram-ботлар орқали “Ташаббусли бюджет” жараёнларида овоз бериш эвазига пул мукофотлари таклиф этилаётган ҳолатлар кузатилмоқда. Бу эса аҳоли орасида турли талқинлар ва баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб, жараённинг шаффофлигига путур етказиши мумкин.
Қўмита томонидан ўтказилган ўрганишларда айрим таниқли блогерлар томонидан учинчи шахслар манфаати йўлида норасмий “бот”лар орқали маълум тўлов эвазига овоз бериш мумкинлиги ҳақида реклама тарқатилгани аниқланди. Бунда “расмий” сўзлардан ва “Ochiq budjet” портали логотипларига ўхшаш белгилардан фойдаланилгани фуқароларни чалғитиши эҳтимолини кучайтиради.
Шу муносабат билан, Рақобат қўмитаси барча фуқароларга қуйидагиларни расман эслатиб ўтади:
🔘“Ташаббусли бюджет” жараёнларида овоз бериш фақатгина “Ochiq budjet” ахборот портали, унинг Android ва iOS тизимларидаги мобил иловалари ҳамда Telegramдаги расмий бот орқали амалга оширилади;
🔘Амалдаги тартибга кўра, берилган овозлар учун ҳеч қандай тўлов ундирилмайди ва овоз берган фуқароларга ҳеч қандай моддий рағбатлантириш кўзда тутилмаган;
🔘Норасмий “бот”лардан фойдаланиш ёки улар орқали тарқатилаётган маълумотларга ишониш жараённинг тўғри ташкил этилишига салбий таъсир кўрсатиши ва ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Маълумот учун: Рақобат қўмитаси томонидан ўтган давр мобайнида, бир қатор блогерлар ушбу норасмий “бот”лар орқали пул эвазига овоз бериш мумкинлиги ҳақида реклама тарқатганликлари аниқланган бўлиб, utkir_shodmonov (Ўткир Шодмонов), Mominlive.1 (Абдурасул Иброхимов), Aslbek_emir (Амиров Асилбек), jasjannew (Жасур Шодиев) каби блогерларга огоҳлантириш ва тушунтиришлар берилган ҳамда тегишли чоралар кўрилиб, рекламалар олиб ташланган.
Фуқаролардан ушбу жараёнда фақат расмий манбаларга ишониш, ҳар қандай норасмий таклифларга алданмаслик ва бу каби ҳолатларга дуч келганда тегишли идораларга хабар беришларини сўраймиз.
Рақобат қўмитаси томонидан “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида қонунчилик талабларига риоя этилиши устидан тизимли мониторинглар олиб борилмоқда, норасмий ботлар, ҳақ эвазига овоз бериш ёки фуқароларни чалғитувчи бошқа реклама қонунчилиги талабларини бузувчи ҳолатлар аниқланган тақдирда Қўмита ваколати доирасида тегишли чоралар кўрилишини маълум қиламиз.








