Рақобат қўмитаси томонидан савдо хизматлар бўйича фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар доимий равишда ўрганилиб, таҳлил қилиш ишлари олиб борилмоқда.
Жумладан,
Фарғона вилояти мисолида
Қўмитанинг Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан Қўштепа туманида яшовчи фуқаро М.А.нинг мурожаати ижобий ечим топди. Мурожаатда Фарғона вилояти савдо дўконидан музлатгич (морозилка) харид қилингани, мазкур маҳсулотнинг ўзбек тилида фойдаланиш учун йўриқномаси истеъмолчига тақдим қилинмаганлиги сабабли фойдаланиш жараёнида маҳсулотда носозлик юзага келгани ва бу борадаги муаммоси ижобий ҳал этилмагани билдирилган.
Ўрганишлар натижасида истеъмолчининг ҳақли эканлиги аниқланди ва музлатгич учун тўлаган 2 млн 860 минг сўм пул маблағи сотувчи томонидан харидорга қайтарилиши таъминланди ва сотувчига қонун талаблари бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди.
Қорақалпоғистон Республикаси мисолида
Қорақалпоғистон Республикаси Рақобат қўмитасига Хоразм вилояти, Урганч туманида истиқомат қилувчи У.А.нинг Қўмитанинг 1159 ишонч телефони орқали йўллаган мурожаати ўрганиб чиқилди.
Мурожаатда фуқаро Тўрткўл туманида жойлашган “Lider” дўконидан музлатгич харид қилгани, кафолат муддатидан 10 кун олдин бузилиб қолгани, аммо унга сервис хизмати кўрсатилмагани билдирилган.
Қўмита томонидан “Lider” дўкони ходимларига “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун юзасидан тушунтиришлар берилди. Шундан сўнг, фуқарога сервис хизмати кўрсатилиб, музлатгичи таъмирланиб берилиши таъминланди.
Хоразм вилояти мисолида
Рақобат қўмитаси Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан Самарқанд вилояти, Пайариқ туманида истиқомат қилувчи фуқаро Ж.Т.нинг электромуравей мотороллер харид қилиш учун 50 фоиз миқдорида тўловларни амалга оширгани, бироқ сотувчи томонидан маҳсулот етказиб берилмаётгани бўйича қилган мурожаати ўрганиб чиқилди.
Ўрганишларда айрим сабабларга кўра, мотороллер етказиб берилмагани ўз тасдиғини топди. Ҳолат бўйича “Good Trade Complex” МЧЖга “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни юзасидан тушунтириш берилиши натижасида фуқарога 4 000 000 сўм тўлаган маблағи қайтариб берилиши таъминланди.
Сурхондарё вилояти мисолида
Рақобат қўмитаси Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси Денов туманида яшовчи фуқаро О.Х.нинг Камбағалликни қисқартириш дастури доирасида 28 млн сўм имтиёзли кредит маблағига харид қилган электр юк ташиш мотороллерида нуқсон борлигидан норози бўлиб қилган мурожааати юзасидан ўрганиш ўтказди.
Натижада харид қилинган электр юк ташиш мотороллерининг 6 дона жами қиймати 3,6 млн. сўмлик аккумуляторлари таъминотчи томонидан алмаштирилиб берилиб, фуқаронинг мурожаати ижобий ҳал этилиши таъминланди.