Ижтимоий тармоқ орқали “Нотариф чекловлар билан тақиқланган лифт импорти муаммоси ҳал бўлгани йўқ” (https://t.me/the_bakiroo/8334) мавзусида қолдирилган танқидий материал юзасидан Рақобат қўмитаси қуйидагиларни маълум қилади.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан чоп этилган бир гуруҳ тадбиркорларнинг мазкур мурожаатига асосан, лифт ва лифт ускуналарини импорт қилишда вужудга келаётган муаммолар ваколат доирасида ўрганиб чиқилганда қуйидагилар маълум бўлди.
“Саноат хавфсизлиги” давлат муассасасининг хабарига кўра, лифт ускуналарига 3-чизма асосида берилган мувофиқлик сертификатлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6 октябрдаги 801-сон қарори билан тасдиқланган регламентга киритилган қўшимча талабларга асосан бекор қилинган. Шунингдек, “Саноат хавфсизлиги” давлат муассасасининг маҳсулотларни сертификатлаштириш органи фаолияти даврий баҳолаш натижаларига кўра вақтинчалик тўхтатилган.
Бироқ, лифтларнинг хавфсизлигига доир қўшимча талаблар сақлаб қолинганлиги, ишлаб чиқариш жараёнига (3-чизма бўйича) берилган 17 та мувофиқлик сертификатларининг амал қилиши тўхтатилганлиги сабабли импортёр корхоналар томонидан бугунги кунда республика ҳудудига олиб келинган лифт ва эскалатор ускуналар омборларда қолиб кетмоқда.
Рақобат қўмитаси томонидан лифт ва лифт маҳсулотларини импорти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларини қийнаётган масалаларни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига қуйидаги таклифлар киритилди.
– Ваколатли орган томонидан бекор қилинган 17 та мувофиқлик сертифатини истисно тариқасида тиклаш чораларини кўриш;
– мавжуд бўлган синов лабораторияларининг моддий-техника базасини яхшилаш учун(лифт, лифт ускуналари ва эскалаторларни синовдан ўтказиш синов учун зарур бўлган синов миноралари ва асбоб-ускуналарни олиб кириш) чет-эл грант маблағларини жалб этиш чораларини кўриш;
– лифтларни синовдан ўтказиш ва мувофиқлик сертификатини бериш бўйича хизматлар бозорига хусусий секторни кенг жалб қилиш чораларини кўриш;
– сертификатлаш жараёнида бир шартнома доирасида олиб келинаётган марка ва модели бир хил бўлган лифт товарларини фақатгина бир нусхасини синовдан ўтказиш орқали уларга битта мувофиқлик сертификатини расмийлаштириш амалиётини жорий қилиш.