Рақобат қўмитасига жорий йилнинг 9 ойида фойдаланилмаган авиачипта пулини қайтармаслик, йўловчиларга парвозлар кечиктирилаётганлиги тўғрисидаги маълумотларни ўз вақтида етказмаётганлиги, шикастланган багаж учун юк қийматини тўлиқ қоплаб берилмаслиги ва парвозлар вақтида йўловчиларга кўрсатилаётган хизматларининг талаб даражасида эмаслиги юзасидан Ўзбекистонда хизмат кўрсатаётган авиакомпанияларга эътирозлар билдирилган жами 200 дан ортиқ истеъмолчилардан мурожаатлар келиб тушган.
Қўмита томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида, истеъмолчилар фойдасига 195 миллион сўмдан ортиқ маблағ қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланди.
Жумладан, Наманган вилоятида истиқомат қилувчи фуқаро С.Ш.дан келиб тушган мурожаат “Air Samarqand” авиакомпанияси томонидан юзага келган муаммо билан боғлиқ. Фуқаро оиласи билан Вьетнам давлатига учиш ва қайтиш учун авиачипталарни харид қилган. Булардан 2 та авиачипта бизнес класс тоифасига тааллуқли бўлиб, парвоз вақтида унга таклиф қилинган қўшимча хизматлар кўрсатилмаган.
Қўмита томонидан мазкур мурожаат ўрганиб чиқилиши натижасида, “Air Samarqand” авиакомпанияси ҳақиқатан ҳам парвоз вақтида истеъмолчига етарли даражада хизмат кўрсатмагани аниқланди ва 10 160 000 сўм пул маблағи авиакомпания томонидан фуқарога тўлиқ қайтариб берилиши таъминланди.
Шунингдек, Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаро Н.С. ўз мурожаатида Ўзбекистон ҳаво йўллари авиакомпаниясининг расмий веб-сайти орқали Туркия давлатига бориб-қайтиш учун Тошкент-Истанбул ва Истанбул-Тошкент йўналиши бўйича жами 21 573 624 сўмга оиласи учун авиачипта сотиб олгани, аммо авиакомпаниянинг айби билан парвоздан қолиб кетишганини билдирган.
Қўмитанинг олиб борган ўрганишларида, фуқаро Н.С. фарзандларига тегишли паспортларнинг амал қилиш муддати 2024-йил октябрь ойигача бўлганлиги, Туркия давлати қонунчилига кўра, чет эл фуқароси давлатга кирганда паспортнинг амал қилиш муддати камида 150 кун бўлиши кераклиги, фуқаро расмий веб-сайт орқали авиачиптани харид қилиш вақтида тизимга паспорт маълумотлари ва унга амал қилиш муддати киритилганлиги, тизим паспорт муддати Туркия давлати талабига тўғри келмаслигини билган ҳолда огоҳлантиришсиз авиачипта сотганлиги маълум бўлди.
Ўрганишлар натижасида, расмий веб-сайтнинг электрон чипта харид қилиш вақтида истеъмолчи танишиши керак бўлган тегишли маълумотлар киритилди ва “Uzbekiston Airways” АЖ томонидан авиачиптага тўланган 21 573 624 сўм пул маблағи истеъмолчига тўлиқ қайтариб берилиши таъминланди.
Ҳурматли истеъмолчилар! Рақобат қўмитаси хизмат кўрсатувчи авиакомпаниялардан чипталарни электрон брон қилиш ёки харид қилишдан аввал паспортга қўйиладиган талаблар ва Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун белгиланган мамлакатларга кириш, айрим мамлакатларга транзит кириш бўйича ҳужжатларга қўйиладиган талаблари тўғрисидаги маълумотлар билан батафсил танишиб чиқишингизни эслатиб ўтади.