Рақобат қўмитаси “WB TAXI” МЧЖга такси хизматларида истеъмолчилар ҳуқуқларини таъминлаш юзасидан сўров юборди
Сўнгги вақтда Рақобат қўмитасига келиб тушаётган мурожаатларда ҳамда ижтимоий тармоқларда такси хизматини кўрсатиш фаолияти юзасидан истеъмолчилар томонидан эътирозлар кўпаймоқда.
Айнан, “WB TAXI” фаолияти билан боғлиқ эътирозлар 2026 йил январь-август ойларида 20 тага яқин бўлиб, бунда истеъмолчилар томонидан хизматдан фойдаланганда белгиланган жойга таксилар келмаётгани, ҳайдовчилари билан қайта алоқа қилишнинг имкони йўқлиги ва бундай ҳолларда оператор ҳеч қандай чора кўрмаётганлиги каби эътирозлари билдирилган.
Ўрганишларда мазкур хизмат кўрсатувчи корхона томонидан Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ва “Электрон тижорат тўғрисида«ги Қонунлар ва Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 1 майдаги 256-сонли қарори билан тасдиқланган “Рақамли платформа операторининг устун мавқеини ва устун музокара кучини эътироф этиш ҳамда рақобатнинг чекланишига ва (ёки) истеъмолчиларнинг, бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини камситишга олиб келадиган ҳаракатларни аниқлаш тартиби тўғрисида”ги Низоми каби қатор қоидаларга етарлича риоя қилинмаётганлиги маълум бўлди.
Рақобат қўмитаси томонидан мазкур эътирозлар назоратга олиниб, қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш ҳамда йўловчиларнинг «хизмат кўрсатувчи» билан қайта алоқа ўрнатиш ва маълумот олиш имкониятларини яратиш чораларини кўриш юзасидан “WB TAXI” МЧЖга сўров юборилди.








