ДОРИ ВОСИТАЛАРИ НАРХЛАРИНИ ТАРТИБГА СОЛИШ БЎЙИЧА ТУРКИЯ ТАЖРИБАСИ ЎРГАНИЛДИ
Жорий йилнинг 7–11 сентябрь кунлари Рақобат қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг масъул вакилларидан иборат Референт нархларни қайта кўриб чиқувчи Апелляция кенгаши аъзолари Туркия Республикасида хизмат сафарида бўлишди.
Ўзбекистон делегацияси хизмат сафари доирасида Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Дори воситалари ва тиббий жиҳозлар агентлиги — TİTCK, шунингдек World Medicine ва Sanofi компанияларининг Туркиядаги ишлаб чиқариш объектларига ташриф буюрди.
Ташриф давомида Ўзбекистон ва Туркия фармацевтика соҳасида нархларни тартибга солиш масалалари муҳокама қилиниб, тажриба алмашилди. Хусусан, референт нархларни шакллантириш механизмлари, дори воситалари нархларини қайта кўриб чиқиш, нархларга оид мурожаат ва апелляцияларни кўриб чиқиш тартиби, Апелляция кенгаши фаолиятини ташкил этиш ҳамда соҳага доир бошқа масалалар муҳокама қилинди.
Туркия тажрибасида референт нархлар асосий ва альтернатив референт давлатлар рўйхати асосида шакллантирилиб, картел келишувларининг олдини олиш мақсадида бир корхонага фақат битта дорихона очишга рухсат берилади ҳамда дорихона фаолияти билан фақатгина кичик бизнес шуғулланади.
Шунингдек, ҚҚС соҳа ва маҳсулот турига қараб табақалаштирилган бўлиб, жумладан озиқ-овқат маҳсулотларига 1 фоиз, айрим маҳсулотларга 20 фоиз, дори воситаларига эса 10 фоиз миқдорида белгилангани дори воситалари нархларига таъсир этувчи омиллардан бири ҳисобланади. TİTCK ҳузуридаги Апелляция кенгаши эса ҳар олти ойда йиғилиб, йилига ўртача 900 та шикоятнинг 11 фоизини, яъни 100 тасини қаноатлантириб келмоқда.
Учрашув якунида референт нархларни шакллантириш ва қайта кўриб чиқиш жараёнларини такомиллаштириш, илғор тажрибани жорий этиш бўйича фикр алмашилди.
Маълумот учун, Ўзбекистондаги Референт нархларни қайта кўриб чиқувчи Апелляция кенгаши ҳар ойда бир маротаба йиғилиб келади.








