Рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармаларига фуқаролардан автомобиллар, уларни сифати, етказиб бериш муддатларининг кечикиши, эҳтиёт қисмларидаги носозликлар ва уларни кафолат муддатида таъмирлашда муаммолар юзага келаётгани бўйича кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда.
Ҳудудлар кесимида мурожаатлардан айрим мисоллар
Хоразм вилояти
Ҳудудий бошқармага Янгиариқ туманида яшовчи С.М.нинг ўз турмуш ўртоғи номига “Avto-Layner Xorazm” МЧЖ билан шартнома бўйича “Gentra” русумли автомобиль учун 146 000 000 сўм тўловни амалга оширгани, автомашина эса кечиктириб етказиб берилгани, аммо унга жамият томонидан бир йилдан буён компенсaция пуллари тўлаб берилмаётганлиги бўйича мурожаат қилган.
Ўрганишларда мурожаатларда келтирилган ҳолатлар ўз тасдиғини топди яъни автомобиль шартнома шартларида келтирилган муддатдан кечикиб етказиб берилгани маълум бўлди.
Олиб борилган тушунтиришлар натижасида фуқарога “Avto-Layner Xorazm” МЧЖ томонидан 850 000 сўм миқдоридаги компенсaция пуллари тўлаб берилиши таъминланди.
Тошкент вилояти
Ҳудудий бошқармага фуқаронинг “Drivers Village Bekobod filiali” МЧЖ дилерлик корхонаси хизматидан қолдирилган эътирозли мурожаатида харид қилинган “Damas” русумли автомашина нуқсонли бўлгани ва уни сифатлисига алмаштиришда муаммога учраётгани баён қилинган.
Ўрганишлар натижасида “UzAuto Motors” АЖ компаниясининг “Drivers Village Bekobod filiali” МЧЖ дилерлик корхонаси “Damas” автомашинасини қайта кўрикдан ўтказганда нуқсони аниқланган ва қонунчиликда ўрнатилган тартибда янги автомашинага алмаштирилиб берилиши таъминланди.
Бухоро вилояти
Ҳудудий бошқармага фуқаро Х.Ҳ.дан тушган мурожаат ўрганиб чиқилганида “Buxoroavtotexxizmat” MЧЖдан “Traker 2” русумли автомашинаси сотиб олингани, аммо автомашина ҳужжатлари расмийлаштирилганда хатоликка йўл қўйилгани, шу сабабдан янги автомашинадан фойдаланишнинг имкони бўлмаётгани маълум бўлди.
Ўрганишлар натижасида “Buxoroavtotexxizmat” MЧЖ томонидан “Traker 2” русумли автомашинага берилган ҳисоб-маълумотномасидаги вин рақами тузатиб берилиб, истеъмолчининг мурожаати ижобий ҳал этилди.