Қашқадарё, Навоий, Наманган, Тошкент ва Самарқанд вилоятларида тадбиркорлар билан очиқ мулоқотлар ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотига тайёргарлик кўриш доирасида тадбиркорларнинг мурожаатлари, муаммолари ва таклифларини тизимли ўрганиш мақсадида Рақобат қўмитаси томонидан республиканинг барча ҳудудлари кесимида тадбиркорлар билан очиқ мулоқотлар ўтказилмоқда.
📍ҚАШҚАДАРЁ ВИЛОЯТИ
Учрашувда давлат харидлари ва биржа савдоларида рақобатни чеклаш ҳолатлари, ташқи реклама фаолиятини тартибга солиш ҳамда ноҳалол рақобатга қарши курашиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Шунингдек, “Elegant Nur Ziyo Plyus” хусусий фирмаси вакили томонидан “Elegant” ўқув маркази биносига ташқи реклама воситаларини ўрнатиш тартиби бўйича мурожаат билдирилиб, ушбу масала қонунчилик талаблари асосида ўрганилиши белгиланди.
📍НАВОИЙ ВИЛОЯТИ
Очиқ мулоқот давомида тадбиркорлик субъектлари билан бевосита мулоқот қилиниб, бизнес юритиш жараёнида учраётган тўсиқлар, монопол ҳолатлар ва соғлом рақобат муҳитини таъминлаш билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Тадбиркорлар ҳамда фуқароларнинг мурожаат ва таклифлари қабул қилиниб, тегишли тартибда кўриб чиқиш учун назоратга олинди.
📍 НАМАНГАН ВИЛОЯТИ
Учрашув давомида ташқи реклама воситаларини жойлаштириш учун аукцион орқали ажратилган ер майдонлари бўйича ижара тўловларига нисбатан ортиқча талаблар қўйилаётгани юзасидан мурожаатлар кўриб чиқилди. Шу билан бирга, чиқинди олиб кетиш хизмати соҳасида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва танловларда иштирок этиш тартиби бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
📍 ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИ
Тадбиркорлар билан мулоқот давомида коммунал хизматлар ва электр таъминоти соҳасидаги муаммолар юзасидан мурожаатлар қабул қилинди. Жумладан, ширкат балансидаги сув насосларини “Сув таъминоти” АЖга ўтказиш, ташқи реклама воситаларини расмийлаштириш ҳамда электр таъминотида кузатилаётган узилишлар билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
📍 САМАРҚАНД ВИЛОЯТИ
Иштихон туманида ўтказилган очиқ мулоқотда тадбиркорлик субъектлари билан бизнес юритишдаги тўсиқлар ва соғлом рақобат муҳитини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Жумладан,
“Маржона базимгоҳи” ОК томонидан қуёш панеллари орқали ортиқча ишлаб чиқарилган электр энергияси учун тўловларни қайтариш масаласи ҳамда “Новантус” МЧЖ томонидан сотилаётган дори воситаларининг референт нархлари юзасидан мурожаатлар қабул қилинди.
Бундай очиқ мулоқотлар давлат органлари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги ўзаро ишонч ва самарали ҳамкорлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, жойларда мавжуд бўлган муаммо ва тўсиқларни ўз вақтида аниқлаш, уларни тизимли ва самарали ҳал этиш имконини яратиш, шунингдек, тадбиркорлик фаолияти учун янада қулай шарт-шароитларни шакллантириш ҳамда соғлом рақобат муҳитини барқарор ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.








