Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон музокараларни икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда давом эттирдилар.
Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини, энг аввало, сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникациявий ва маданий-гуманитар соҳаларда янада чуқурлаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
– Кейинги йилларда олий даражадаги ўзаро ишонч ва қўллаб-қувватлаш руҳидаги фаол мулоқот натижасида мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатлар мисли кўрилмаган юқори даражага кўтарилди, – деди Шавкат Мирзиёев.
Шу билан бирга, кенг кўламли ҳамкорликни янада ривожлантириш учун ҳали ишга солинмаган улкан салоҳият ва катта имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.
– Бугун имзоланаётган Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги тарихий шартномани амалга ошириш учун барча даражаларда – парламентлар, ҳукуматлар, ташқи сиёсий идоралар, вазирлик ва ҳудудлар ўртасидаги мулоқотлар самарадорлигини ошириш лозим, – деди давлатимиз раҳбари.
Товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш мақсадида чегараолди савдо механизмлари ва савдо инфратузилмасини ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди.
Президентлар чуқур саноат кооперациясини рағбатлантириш учун энергетика, электротехника, металлургия, қазиб чиқариш, тўқимачилик, фармацевтика, агросаноат ва бошқа тармоқларда муҳим лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш бўйича қатъий келишувларга эришилганини олқишладилар.
Сувдан фойдаланиш масалаларида конструктив ва ўзаро манфаатли мулоқотни давом эттириш масалалари муҳокама қилинди.
Президентимиз ҳудудлараро ҳамкорлик учун катта салоҳиятдан самарали фойдаланиш, ташриф доирасида эришилган битим ва келишувларни тўлиқ амалга ошириш муҳимлигини қайд этди.
Транспорт ва транзит ташишлар соҳасидаги ҳамкорлик стратегик йўналиш сифатида кўрсатиб ўтилди. Президентлар бу борада ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтириш ҳамда ҳаво ва темир йўллари орқали ташишларни ривожлантириш, транзит юк ташишлар ҳажмини ошириш учун қулай шароитлар яратишни қўллаб-қувватладилар.
Томонлар маданий-гуманитар алмашинувни янада фаол қўллаб-қувватлашга аҳдлашиб олдилар.
Замонавий таҳдид ва хатарларга қарши курашишда яқин алоқаларни давом эттириш, Афғонистонда ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни илгари суриш муҳимлиги таъкидланди.
Минтақавий ва халқаро тузилмалар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттиришга тайёрлик билдирилди.
Йиғилиш давомида Бош вазирлар ўринбосарлари, транспорт, энергетика ва қишлоқ хўжалиги вазирларининг кун тартиби юзасидан ҳисоботлари тингланди.
Музокаралар якунида давлат раҳбарлари қўшма “йўл харитаси”ни тайёрлаш ҳамда эришилган келишувларни самарали амалга ошириш механизмларини йўлга қўйишга топшириқ бердилар.