Рақобат қўмитаси томонидан савдо, газ таъминоти ва банк хизматлар бўйича фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар доимий равишда ўрганилиб, таҳлил қилиш ишлари олиб борилмоқда.
Жумладан, Хоразм вилояти мисолида
Урганч туманида истиқомат қилувчи фуқаро У.Қ газ таъминоти корхонаси томонидан ўрнатилган электрон табиий газни ҳисобга олиш ускунаси таъминотчи корхонанинг ҳисоб-китоб дастурлар базасига киритилмасдан қолганлиги сабабли асоссиз ҳисобланган қарздорликдан норози бўлиб ҳудудий бошқармага қилган мурожаати ўрганиб чиқилиб, истеъмолчига ҳисобланган 1 033 220 сўмлик нореал қарздорлик қайта ҳисоб-китоб қилишга эришилди.
Фарғона вилояти мисолида
Фуқаро Ш.М “ҲАМРОҲ САВДО ДЎКОНЛАР ТАРМОҒИ” Қўқон шаҳри филиалидан муддатли тўлов эвазига маҳсулот харид қилганлиги, барча қарздорликларни тўлаганлигига қарамасдан истеъмолчининг пластик картасидан тўлаб бўлган қарздорлик учун 1 500 000 сўмга яқин пул маблағлари ушлаб қолинганлигидан юзасидан ҳудудий бошқармага мурожаат қилган ҳамда истеъмолчига пуллари қайтарилиши таъминланган.
Бухоро вилояти мисолида
Фуқаро Ш.Т истиқомат қилаётган уйда “Иссиқлик Манбаи” ДУК томонидан иссиқлик энергия таъминоти томонидан асоссиз қарздорлик ҳисобланаётганлигидан норози бўлиб, ҳудудий бошқармага мурожаат қилган. Натижада “Иссиқлик Манбаи” ДУК томонидан фуқаро Ш.Турсуновга асоссиз ҳисобланган 1,144 млн.сўм пул тўловлари қайта ҳисоб китоб қилиниб, қарздорлик бартараф этилди.
Жиззах вилояти мисолида
Ш.Рашидов туманида яшовчи фуқаро Ҳ.А. “UZUM NASIYA” электрон платформаси билан 564,0 минг сўмга шартнома тузганлиги, аммо етиб келган маҳсулотлар истеъмолчи талабига жавоб бермаганлиги сабабли уларни қабул қилиб олмасада, “UZUM NASIYA” электрон платформаси орқали ўтказиб берилган пул маблағларини қайтариш юзасидан норозилигини билдириб, ҳудудий бошқармага мурожаат қилган. Ҳудудий бошқарма томонидан амалга оширилган ишлар натижасида тузилган шартнома бекор қилиниб, мурожаат истеъмолчи фойдасига ҳал этилди.
Тошкент вилояти мисолида
Фуқаронинг газ таъминоти томондан ҳисобланган 58 млн сўмдан ортиқ пул маблағлари асослилиги бўйича ўрганиб беришни сўраб ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Ҳудудий бошқарма ўрганиши натижасида, газ таъминоти томонидан мурожаатчининг қарздорлиги қайта-ҳисоб китоб қилиниб, 9 000 000 сўм этиб белгиланди. Фуқаро томонидан қарздорлик тўланиб, хонадон газ тармоғига уланди.
Наманган вилояти мисолида
Чуст туманида яшовчи фуқаро “Агробанк” томонидан пластик картасидан кредит учун ортиқча 4.500.000 сўм маблағ ечиб олинганлигидан норози бўлиб, маблағни қайтарилишида ҳудудий бошқармага мурожаат қилган. Ҳудудий бошқарма томонидан мурожаатни ўрганиш натижасида “Агробанк” томонидан фуқарога асоссиз ечиб олинган пул маблағлари қайтарилиши таъминланди.
Юқоридагиларга кўра, Рақобат қўмитасининг ҳудудий бошқармалари томонидан “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун талаблари бузилиш аломатлари билан хизмат кўрсатувчи ташкилотларга нисбатан қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилди.