Савол:
Ҳисоблагичларни (газ, электр энергияси, ичимлик ва иссиқ сув) метрология қиёсловидан ўтказиш кимнинг зиммасида ва қандай тартибда амалга оширилади?
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 августдаги “ Юридик ва жисмоний шахсларнинг электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналарини ( ҳисоблагичларни) ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 698-сонли қарори қабул қилинган.
Ушбу қарор билан тасдиқланган Маъмурий регламентларга асосан:
ҳудудий электр тармоқлари, ҳудудий газ таъминоти, ҳудудий иссиқлик таъминоти ва сув таъминоти корхоналари ҳисобга олиш ускуналарини ечиш ва ўрнатишни, ечиб олинган ҳисобга олиш ускуналарини « Ўзстандарт» агентлигининг давлат метрология хизмати органларида қиёслашдан ўтказишга тақдим этиш ишларини амалга оширади;
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг ҳудудий бўлинмалари барча жараёнларда таъминотчи корхоналар билан ҳамкорлик қилади, ҳисобга олиш ускуналарига тамға ( пломба) қўйишни амалга оширади;
метрология хизмати ечилган ҳисобга олиш ускуналарини қиёслашдан ўтказиш билан боғлиқ ишларни амалга оширади;
талабгорлар ечилган ҳисобга олиш ускуналарини ўрнатиш ва ечиш учун зарур шароит яратади ва ушбу жараёнда иштирок этади деб белгилаб қўйилган.
Ҳисобга олиш ускуналарини қиёслашдан ўтказиш метрология хизмати томонидан қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.
Ҳисобга олиш ускунасини даврий текширувдан ўтказишнинг амал қилиш муддати тугашидан 30 кун олдин талабгорни ҳисобга олиш ускунасини даврий текширувдан ўтказиш зарурлиги ҳақида ёзма равишда огоҳлантиради.
Талабгорнинг коммунал ташкилотлар томонидан белгиланган муддатда расмий равишда огоҳлантирилмаслиги ҳисобга олиш ускуналарини ўз вақтида қиёсловдан ўтказмаганлик учун айбдорликни келтириб чиқармайди.
Талабгор ҳисобга олиш ускунасини қиёслашдан ўтказиш учун мурожаат қилганда, ҳисобга олиш ускунаси коммунал ташкилотлар томонидан далолатнома билан бирга метрология хизматига топширилади.
Ҳисобга олиш ускунаси таъминотчи корхонадан қабул қилиб олинганидан сўнг 3 иш куни ичида метрология хизмати томонидан қиёслашдан ўтказилади.
Ҳисобга олиш ускунасини қиёслашдан ўтказиш натижаси ижобий бўлган тақдирда, ҳисобга олиш ускунаси фойдаланишга яроқли деб топилади ва метрология хизмати томонидан ҳисобга олиш ускунасининг қиёслашдан ўтказилганлиги ҳақида сертификат расмийлаштирилади.
Коммунал ташкилотлар ва Бюро ходимлари ҳисобга олиш ускунасини қиёслашдан ўтказгандан кейин 3 иш куни ичида талабгор билан келишилган вақтда талабгор иштирокида ушбу Регламентга 5-6-иловаларга мувофиқ ҳисобга олиш ускунасини ўрнатиш тўғрисида уч нусхада тегишли далолатнома тузган ҳолда тамғалайди. Далолатноманинг бир нусхаси талабгорда қолдирилади.
Талабгор ёки унинг вакили келишилган вақтда ва манзилда бўлмаган тақдирда, бу ҳақда холислар иштирокида далолатнома тузилиб, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи муҳри билан расмийлаштирилиши белгиланган.