Аксарият инсонлар хурсандчилик ва янгиланган кўринишга эришиш умиди билан гўзаллик салони хизматларидан фойдаланади. Бироқ баъзи салонлар томонидан истеъмолчиларга кўрсатилаётган хизматларни талаб даражасида деб бўлмайди. Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига ушбу йўналишда мижозларга ўз вақтида, сифатли ва тўлақонли хизмат кўрсатилмаётгани юзасидан кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда.
Жумладан, Тошкентдаги “BEAUTY ZOHAB” гўзаллик салони ходимининг масъулиятсизлиги фуқарога ташвиш келтирган. Фуқаронинг сочини бўяш жараёнида бошнинг тери қисми куйиб кетгани ҳақидаги эътирозли мурожаат Рақобат қўмитасига келиб тушган.
Мазкур мурожаат тегишли тиббий хулоса ва салон ҳужжатлари асосида ўрганилганда ходимнинг хизмат кўрсатиш масъулиятсизлиги, шунингдек, хавфсизлик нормаларига амал қилмагани оқибатида фуқаронинг соғлигига жиддий зиён етказгани аниқланди.
Хусусан, истеъмолчи ўзининг саломатлигига хавф солувчи маҳсулот ёки хизматдан фойдаланганида, унинг ҳуқуқлари бузилган ҳисобланади. Бу ҳолда, истеъмолчи нафақат зарарни компенсация қилишни талаб қилиш, балки хизмат учун тўланган пул маблағларини тўлиқ қайтаришни ҳам сўраш ҳуқуқига эга.
Ўрганиш натижасида “BEAUTY ZOHAB” салони томонидан мижозга 2 млн сўмга яқин зарар қопланиши таъминланди.
Ушбу ҳолат хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритаётган барча тадбиркорлар учун жиддий огоҳлантиришдир: мижозларнинг хавфсизлиги ҳар доим биринчи ўринда бўлиши керак!
Ҳурматли фуқаролар! Гўзаллик салонига мурожаат қилишдан аввал, салоннинг тажрибаси ва хавфсизлик чораларини текширишингиз муҳим. Гўзаллик салонини танлашда эҳтиёт бўлинг ва ҳуқуқларингизни ҳимоя қилишдан қўрқманг!