Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ўз ваколатлари доирасида Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги Қонунига ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ устун мавқени суиистеъмол қилиш, тил бириктиришлар ва картел келишувларга қарши курашни амалга оширади.
Қўмита томонидан доимий ва тизимли равишда товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектлар давлат реестрига киритилган субъектлар томонидан рақобат қонунчилигига риоя этиши юзасидан таҳлил ўтказиб борилади.
Алоҳида монополист корхоналарнинг асосий жихатларидан бири бу, шартномаларга камситувчи шартларни киритиш орқали истеъмолчилар ва бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳақ-хуқуқларининг чеклаши, шунингдек товар ва молия бозорига бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг кириши учун турли тўсиқлар яратишидир.
Юқорида кўрсатилган ҳаракатлар Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги Қонунининг 10-моддасига зид ҳисобланиб, устун мавқени суиистеъмол қилиш сифатида баҳоланади.
Ушбу йўналишда Қўмита томонидан 2019 йил давомида товар ва молия бозорида устун мавқени эгаллаган, Давлат реестрига киритилган 132та корхонанинг 2000тадан зиёд шартномалари ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш давомида юқоридаги ҳолатлар 24та корхоналарнинг шартномаларида, асосан хўжалик юритувчи субъектларнинг тузилган шартнома бўйича мажбуриятларни бажариш ёки бажармаслик жавобгарлиги билан боғлиқ бўлган шартларда контрагентларнинг монополистларга нисбатан оғирроқ молиявий ва бошқа мажбуриятлар қўйилганлиги аниқланди.
Мисол учун, “Бектемир-спирт эксперментал заводи” АЖ шартномалари ўрганилганда шартнома шартларини бажармаслик ёки ўз вақтида бажармаганлик учун тўланадиган пеня суммаси контрагентга шартнома суммасининг 50 фоизи миқдорида ўрнатилган бўлса, монополистга нисбатан атиги 20 фоиз миқдорида ўрнатилган, шунингдек сотиб олишдан бош тортганлик учун тўланадиган пеня миқдори контрагент учун – 20 фоиз қилиб ўрнатилган бўлса, монополист томонидан тақдим этилган маҳсулот сифатига мос келмаса фақатгина 5 фоиз пеня тўланади деб қайд этилган.
Худди шунга ўхшаш ҳолатлар “Андижон биокимё заводи” АЖ ва “Қўқонспирт” АЖ шартномаларида ҳам кузатилиб, унда шартнома шартларини бажармаслик ёки ўз вақтида бажармаганлик учун контрагент томонидан тўланадиган пеня миқдори шартнома суммасининг 50 фоизи миқдорида белгиланган бир вақтда, монополист учун умуман жавобгарлик назарда тутилмаган.
Шунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан ушбу монополист корхоналарга рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
Шу билан бирга, “UzAuto Motors” АЖга “Ўзавтосаноат” АЖнинг тизим корхоналарида фаолият кўрсатувчи ҳодимларга кечиктириб тўлаш акцияси доирасида тақдим этилган енгил автомобилларни суғурталашда суғурта компанияларининг хуқуқларини чеклаб, рақобатга зид ҳаракатни амалга оширгани учун, бундан кейин рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишига йўл қўймаслик бўйича кўрсатма берилди.
Бундан ташқари, телекоммуникация бозорида фаолият кўрсатувчи, Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги Қонунида кўрсатилган хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий фаолиятини мувофиқлаштириш орқали рақобатни чекланишига олиб келувчи ҳаракатлар тақиқланишини назарда тутувчи 11-модда учинчи қисми талабларини бузган “Play Mobile” МЧЖга бундан кейин рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишига йўл қўймаслик бўйича кўрсатма берилди.
Натижада барча санаб ўтилган хўжалик юритувчи субъектлар томонидан рақобат тўғрисидаги қонунчилиги бузилиши ҳолатлари бартараф этилди.