Рақобат қўмитаси Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан махсус ахборот порталидаги маълумотларга асосан давлат буюртмачилари томонидан амалга оширилган харидларда қонун талабларига риоя қилинганлиги юзасидан мунтазам равишда мониторинг олиб борилмоқда.
Жумладан, Жиззах вилояти Спорт бош бошқармаси тизимидаги туман спорт бўлимлари томонидан 2023 йил ва 2024 йилнинг 1 февраль давридаги жами 20 та ҳолатда тегишли платформалар орқали амалга оширилган давлат харидлари ўрганилди.
Ўзбекистон Республикаси “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуннинг 20-моддасида харид комиссиясининг асосий мақсади иштирокчиларнинг таклифарини буюртмага мувофиқлик даражаси бўйича холис баҳолашдан ва тартибга солишдан ҳамда давлат харидлари рақобатлашув усуллари орқали амалга оширилганда ғолибни (ғолибларни) танлашдан иборатлилиги ва 46-моддасида иштирокчиларни камситишга, бошқа иштирокчиларга зарар етказган ҳолда бир иштирокчига имтиёзлар ёки преференциялар тақдим этиш тақиқланиши белгиланганлигига қарамай Жиззах вилояти Спорт бош бошқармаси тизимидаги туман спорт бўлимлари томонидан 2023-2024-йилларнинг ўтган даври мобайнида танлов усулида ўтказилган жами (2023-йилда 19 та, 2024-йилда 1 та) 20 та ҳолатда:
Жумладан,
Ш.Рашидов туман Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби томонидан 2023 йил 11 та ўтказилган танловларда 1445 443.3 минг сўмлик;
Жиззах вилояти Яккакураш спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактаби 2023 йил 2 та ўтказилган танловларда 977 781.0 минг сўмлик;
Жиззах вилояти сув спорт турлари бўйича ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби 2023 йил 1 та ўтказилган танловларда 80 000.0 минг сўмлик;
Жиззах вилояти болалар ва ўсмирлар футбол академияси 2023 йил 3 та ўтказилган танловларда 1 140 000.0 минг сўмлик;
Жиззах вилояти Гимнастика бўйича ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби 2024-йил 1 та ўтказилган танловларда 24 100.0 минг сўмлик танловларда баҳолаш мезонлари ишлаб чиқилмаган, аммо танлов ўтказилган.
Давлат харидлари танловларининг барчасида иштирокчиларга қўйилаётган малака талабларини баҳолаш мезонлари ишлаб чиқилмаганлиги натижасида харид комиссияси аъзолари томонидан иштирокчиларга асослантирилмаган баҳолар қўйилган ва харид ҳужжатларига мувофиқ таклифларни баҳолаш талаблари бузилишига йўл қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси “Давлат харидлари” ва “Рақобат тўғрисида”ги Қонунлар талабларига амал қилинмаганлиги натижасида Жиззах вилояти Спорт бош бошқармаси тизимидаги туман спорт бўлимлари томонидан жами 20 та ҳолатда умумий қиймати 3 699 524.3 минг сўмлик давлат харидларини амалга ошириш билан боғлиқ танловларни ўтказишда (харид комиссиялари томонидан келиб тушган таклифларга балл белгилашда ўзлари учун баҳолаш мезонларини ишлаб чиқмаган) харид ҳужжатларига мувофиқ таклифларни баҳолаш талаблари бузилишига йўл қўйилган.
Ўрганиш натижалари бўйича Рақобат қўмитаси томонидан иш қўзғатилиб, тегишли чоралар кўрилди ва қонунбузлиш ҳолатлари бартараф этилди.