ФУҚАРОДАН САВОЛ:
– Давлат харидлари жараёнида қандай ҳолатлар “Рақобат тўғрисида”ги Қонунининг бузилишига олиб келади?
МУТАХАССИС ЖАВОБИ:
– Хусусан, давлат харидларини амалга оширишда қуйидаги ҳолатлар “Рақобат тўғрисида”ги Қонун талабларига мувофиқ тақиқланади:
🟡савдоларни ўтказишнинг қонунчиликда белгиланган тартибини бузиш;
🟡савдолар иштирокчиларининг фаолиятини мувофиқлаштириш;
🟡савдоларнинг битта ёки бир нечта иштирокчисига савдоларда иштирок этиш учун имтиёзли шарт-шароитлар яратиш;
🟡савдоларга оид ҳужжатларга ва қоидаларга, шу жумладан эълоннинг матнига иштирокчилар ўртасида рақобатни чеклайдиган ёки чеклашга олиб келиши мумкин бўлган талабларни киритиш;
🟡савдоларнинг ўтказилиш жараёнига ва натижаларига таъсир кўрсатиш;
🟡савдоларнинг операторлари ва (ёки) ташкилотчилари ва (ёки) буюртмачилари ва (ёки) савдолар иштирокчилари томонидан рақобатга қарши келишувларни ҳамда мувофиқлаштирилган ҳаракатларни амалга ошириш;
🟡буюртмачининг ёки сотувчининг савдолар натижаларига кўра шартнома тузишдан асоссиз равишда бўйин товлаши;
🟡савдолар иштирокчиларини асоссиз равишда четлаштириш ёки уларнинг сонини асоссиз равишда чеклаш;
🟡бошқа иштирокчи ғолибга айланиши учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида савдоларда таклифлар билан иштирок этиш;
🟡савдолар иштирокчиларига асоссиз талаблар қўйиш, шу жумладан уларнинг малакасига нисбатан рақобатни чеклайдиган ёки чеклашга олиб келиши мумкин бўлган талаблар қўйиш;
🟡савдоларда айни бир лотда фақат аффилланган шахсларнинг ёки ўзаро манфаатдор шахсларнинг иштирок этиши;
🟡савдоларнинг операторлари ва (ёки) буюртмачилари ва (ёки) ташкилотчилари ва (ёки) комиссия аъзолари билан ўзаро манфаатдор бўлган ёхуд улар билан аффилланган шахсларнинг савдоларда иштирок этиши.
МАНБА: Ўзбекистон Республикасининг, 03.07.2023 йилдаги “Рақобат тўғрисида”ги ЎРҚ-850-сонли Қонуни. (https://lex.uz/docs/6518381)