Давлат харидлари — давлат буюртмачиларининг товарларга (ишларга, хизматларга) бўлган эҳтиёжларини пулли асосда таъминлаш жараёнидир. Ўзбекистон Республикаси “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонунда давлат харидларини амалга ошириш усули, талаблари ва шартлари барчаси батафсил ёзилганлигига қарамай, ўтказилаётган тендер танловларда қонун бузилиш ҳолатлари давом этмоқда. Ўзбекистон Республикаси “Давлат харидлари тўғрисида”ги ЎРҚ-684-сонли қонуннинг 75-моддаси (харид қилиш тартиб-таомилларининг давлат назорати)да Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ушбу Қонуннинг ва давлат харидлари соҳасидаги бошқа қонунчилик ҳужжатларининг тўғри қўлланилиши устидан давлат назоратини ўз ваколатлари доирасида амалга ошириши белгилаб қўйилган.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Сирдарё вилояти худудий бошқармаси томонидан Давлат харидлари соҳасида жумладан, etender.uzex.uz махсус ахборот портали орқали энг яхши таклифларни танлаш бўйича ўтказилаётган танлов савдоларида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги ҳамда “Рақобат тўғрисида”ги Қонун талаблари бўйича доимий мониторинг ишлари олиб борилмоқда.
Ўтган давр мобайнида вилоятда жами 129,6 млрд.сўмлик 471 та энг яхши таклифларни танлаш бўйича ўтказилган танлов савдолари назорат тартибида ўрганилди. Ўтказилган ўрганишлар давомида 29 та ҳолатда, яъни 4та ҳолатда иштирокчилар ўртасида афилланганлик ҳолатлари мавжудлиги, 25 та ҳолатда буюртмачи билан иштирокчилар ўртасида аффилланганлик ҳолатлари мавжудлиги аниқланди.
Аниқланган қонунбузилиш холатлари юзасидан ҳудудий бошқарманинг махсус комиссияси томонидан белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар, шунингдек, маъмурий жавобгарлик бўйича суд органларига йўналтирилди.
Мазкур қонунбузилиш холатлари юзасидан 2 та холат бўйича тузилган
207,0 млн.сўмлик шартномалар хақиқий эмас деб топилиб, тузилган шартномалар бекор қилинди.
Шунингдек, 27 та ҳолат бўйича, шундан “Сирдарё иссиқлик электр станцияси” АЖ, Оқолтин туман тиббиёт бирлашмаси, Янгиер шаҳар тиббиёт бирлашмаси ҳамда Сирдарё туман Ободонлаштириш бош бошқармаси масъул раҳбарларига нисбатан маъмурий тартибда интизомий чора қўлланилган.