4 МЛРД СЎМДАН ОРТИҚ ҚИЙМАТДАГИ БИРЖА САВДОЛАРИДА ҚОНУНБУЗИЛИШ ҲОЛАТЛАРИ АНИҚЛАНИБ, ТЕГИШЛИ ЧОРАЛАР КЎРИЛДИ
🔻 Рақобат қўмитаси томонидан юқори ликвидли ва (ёки) монопол маҳсулотларни биржа савдоларига қўйиш тартибига риоя этилиши устидан тизимли назорат олиб борилиб, аниқланган қонунбузилишлар юзасидан тегишли чоралар кўрилмоқда.
Жумладан:
📍Қорақалпоғистон Республикаси:
Қўмита томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 мартдаги 170-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талабларига мувофиқ, “ECO TEKS CLUSTER” МЧЖ фаолиятида биржа савдоларини амалга ошириш тартиби ўрганилди.
Аниқланишича, 2023 йил 1 октябрдан 2026 йил 31 майга қадар пахта толаси, линт ва пахта ёғи маҳсулотлари биржа савдоларига қўйиш графиклари тасдиқланмасдан, тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотилган. Жами 38 та ҳолатда қонунчилик талаблари бузилган. 11 та ҳолатда пахта толаси тўғридан-тўғри сотилиши натижасида биржа котировкаси ва шартнома нархи ўртасидаги фарқ ҳисобига 183,8 млн сўм асоссиз олинган маблағ аниқланган.
📍Андижон вилояти:
Ҳудудий бошқарма томонидан “SADAF SOF UNLARI” МЧЖнинг 2025 йил июль–декабрь ва 2026 йил январь–апрель ойларида биржа савдолари орқали харид қилинган буғдойни қайта ишлаш ва буғдой унини реализация қилиш фаолияти ўрганилди. Аниқланишича, жамият томонидан жами 3 918 тонна буғдой харид қилиниб, ундан 2 646 тонна 75 фоизли буғдой уни ишлаб чиқарилган.
Биржа савдоларига 2025 йил июль ойида режага нисбатан 258 тонна маҳсулот кам қўйилган. Сентябрь ойида 840 тонна, октябрь ойида 910 тонна, ноябрь ойида 810 тонна маҳсулот биржа савдоларига умуман қўйилмаган. Декабрь ойида режага нисбатан 570 тонна маҳсулот кам қўйилган.
Маҳсулотларни белгиланган ҳажм ва муддатларда биржа савдоларига қўйиш, режа-жадвалларга риоя қилиш ҳамда ўзгаришлар ҳақида ваколатли орган ва биржани ўз вақтида хабардор қилиш талаблари бузилган.
📍Жиззах вилояти:
Олиб борилган ўрганиш ва таҳлиллар давомида “GROUPTEXTIL” МЧЖ томонидан 2025 йил декабрь ойида 2 ҳолатда 1 186 тонна, қарийб 4,1 млрд сўмлик пахта чигити (техник) ва тола маҳсулотларини биржага қўйиш учун режалаштирилган юқори ликвидли ва (ёки) монопол турдаги маҳсулот ҳажмининг бир қисмини тасдиқланган муддатлар ва ҳажмларда савдога чиқармаганлик ҳолатлари мавжудлиги аниқланган.
📍Қашқадарё вилояти:
Бошқарма томонидан олиб борилган ўрганиш ва таҳлиллар давомида, вилоятдаги “Касби тегирмони” МЧЖ биржага қўйиш учун режалаштирган юқори ликвидли ва (ёки) монопол турдаги маҳсулот ҳажмининг бир қисмини савдога чиқармаганлик ҳолатлари аниқланган.
Мазкур ҳолатлар бўйича юқоридаги субъектларга нисбатан ҳудудий органларнинг Махсус комиссиялари томонидан “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 29-моддаси ва Вазирлар Маҳкамасининг 170-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талаблари бузилиши билан иш қўзғатилиб, асоссиз олинган маблағларни қайтариш ва қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ҳамда келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилди.








